Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзиёев: Илм ва маърифат инсониятни бирлаштирувчи энг буюк куч

Мирзиёев: Илм ва маърифат инсониятни бирлаштирувчи энг буюк куч

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида бугунги мураккаб геосиёсий шароитда илм-фан, таълим ва маънавият инсониятни бирлаштирувчи энг муҳим омил эканини таъкидлади.

Давлат раҳбари форумнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилаётгани чуқур тарихий ва рамзий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг қирқдан ортиқ мамлакатидан олимлар, халқаро ташкилотлар, давлат ва жамоат арбоблари иштирок этаётган мазкур анжуман ислом цивилизациясининг бой илмий ва маънавий меросига қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.

Президент бугунги кунда можаролар, экстремизм, исломофобия ва маданиятлар ўртасида қарама-қаршиликни кучайтиришга қаратилган уринишлар авж олаётганини таъкидлаб, бундай шароитда исломий қадриятлар тинчлик, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт учун муҳим асос бўлиб хизмат қилишини қайд этди.

Мурожаатда Ўзбекистон ҳудуди асрлар давомида жаҳон илм-фани ва маънавиятининг энг йирик марказларидан бири бўлгани алоҳида таъкидланди. Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби алломаларнинг мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида эътироф этилди.

Президент Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш илм-фан, инновациялар, замонавий таълим ва инсон интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга асосланаётганини билдирди.

Шунингдек, мамлакатда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, тарихий обидаларни тиклаш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва фундаментал тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қисқа вақт ичида Шарқ ва Ғарб, ўтмиш ва келажак, анъаналар ҳамда замонавий илм-фанни боғлайдиган интеллектуал кўприкка айланди.

Шавкат Мирзиёев форум турли давлатлар, университетлар, музейлар, кутубхоналар ва илмий марказларнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштирувчи янги глобал ҳамкорлик платформаси бўлишига ишонч билдирди. У Ўзбекистон фундаментал тадқиқотлар, халқаро конференциялар, қўшма нашрлар ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур шароитларни яратиб берганини таъкидлади.

Мурожаат сўнгида Президент илм ва маърифат тинчлик ҳамда барқарор тараққиётнинг энг мустаҳкам пойдевори эканини яна бир бор қайд этиб, форум иштирокчиларини ушбу эзгу мақсадлар йўлида ҳамкорликни янада кучайтиришга чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг