Шавкат Мирзиёев ва Саудия Валиаҳди телефон орқали суҳбатлашди
29 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда президент ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, суҳбат аввалида икки давлат раҳбарлари бир-бирларини Рамазон ҳайити – Ийд ал-Фитр муносабати билан самимий қутлади. Бу мулоқот дўстона ва ишончли руҳда ўтгани қайд этилди.
Музокаралар давомида Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескин вазият муҳокама қилинди. Томонлар қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганидан хавотир билдирди ва бу ҳолатни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарлари зиддиятларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик муҳим эканини қайд этди. Бундай ҳаракатлар нафақат минтақадаги давлатлар, балки глобал барқарорликка ҳам таъсир кўрсатиши таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бундай синовли даврда Саудия Арабистони раҳбарияти ва халқи билан бирдам эканини билдирди. Шунингдек, Подшоҳликнинг вазмин ва оқилона сиёсатини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Умра амалларини бажараётган ўзбекистонликларга яратилаётган шароитлар учун Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳдга миннатдорлик изҳор этди.
Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Ўзбекистон Президентининг самимий қўллаб-қувватловини юксак қадрлашини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Томонлар икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун олий даражадаги мулоқотларни фаоллаштиришга келишиб олди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter