Президент Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровга жавоб мактуби йўллади
Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга унинг Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиши муносабати билан йўллаган табрикномасига жавобан мактуб йўллаб, Қирғизистон томони ушбу тадбирга нуфузли делегациясини юборгани учун миннатдорлик изҳор этди.
«Мазкур халқаро форум сўнгги қирқ йил ичида илк бор ЮНЕСКО Бош қароргоҳидан ташқарида - қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани Марказий Осиё минтақасининг умумий муваффақияти экани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани ҳақидаги илиқ сўзларингиз биз учун ғоят қадрлидир.
Конференцияда илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва қабул қилинадиган қарорлар таълим, фан ва маданият соҳасида глобал ҳамкорликнинг янги уфқларини очиши, ўзаро дўстлик муҳитини янада кучайтириши ҳақидаги фикрларингизга ҳам тўлиқ қўшиламан.
Аминманки, ўртамиздаги чин қардошлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва бўлажак олий даражадаги мулоқотларимиз стратегик шериклигимизни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади», – дейилади мактубда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter