Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Шунқор-8»: Ўзбекистонда дронларни тутиб қолувчи илк қурилма яратилди

«Шунқор-8»: Ўзбекистонда дронларни тутиб қолувчи илк қурилма яратилди

Фото: Инновацион технологиялар маркази

Ўзбекистон Инновацион технологиялар маркази республикадаги илк антидрон-интерсептор — «Шунқор-8»ни тақдим этди. Антидронни марказ муҳандиси Билолхон Исмоилов ишлаб чиққан.

Маълумот берилишича, стандарт қанотли камикадзе дронлар 2 минг километргача масофадаги нишонларни ўртача 130–180 км/соат тезликда уриши мумкин. Уларнинг нархи 20 минг доллардан 50 минг долларгача бўлади. Бундай дронларни уриб туширишда қўлланадиган классик ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракеталарининг нархи эса 2–4 миллион долларни ташкил этади.

Ўзбекистонлик муҳандиснинг ишланмаси эса ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталаридан 900 баробар арзон — 20–50 минг доллар атрофида. Маҳаллийлаштириш даражаси эса 45 фоизни ташкил этмоқда.

Муаллифнинг айтишича, «Шунқор-8»нинг максимал тезлиги соатига 450 километргача етади. Қурилманинг таъсир радиуси 8–10 километрни, ҳавода қолиш вақти эса 10–15 дақиқани ташкил этади. У 1 килограммгача фойдали юкламани олиб юриши мумкин. Октокоптер туридаги қурилма вертикал равишда парвоз қилиши ва қўниши мумкин, шунингдек, горизонтал текисликда манёвр қила олади.

Тизим радиолокация станциялари билан ишлайди. Аниқланган нишон ҳақидаги маълумотлар операторга узатилади ва у интерсепторни ҳавога кўтаради. Душман учувчисиз ҳаво воситасини йўқ қилиш ҳавода кинетик зарба ёки жанговар қисмни портлатиш орқали амалга оширилади.

Маълум қилинишича, «Шунқор-8» ҳозиргача Чирчиқ, Аранчи ва Каттақўрғондаги полигонларда синовлардан муваффақиятли ўтган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг