АҚШ талабалар ва хорижлик журналистлар учун виза қоидаларини кучайтиряпти
АҚШ маъмурияти хорижлик талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун виза бериш тартибини қатъийлаштиришни режалаштирмоқда. Янги қоидалар сентябр ойи ўрталаридан кучга кириши кутилмоқда.
Оқ уй маълумотига кўра, талабалар учун бериладиган визалар энди таълим дастури муддати билан чекланади, бироқ унинг амал қилиш даври энг кўпи билан 4 йил бўлади. АҚШ Ичкий хавфсизлик вазирлиги бу ўзгаришлар хорижликлар устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилишини билдирди.
Янги тартиб, айниқса, ўқиш муддати тўрт йилдан ортиқ давом этадиган талабалар ҳамда докторантурада таҳсил олишни режалаштираётганларга таъсир қилиши мумкин.
Шунингдек, хорижлик журналистлар учун бериладиган визаларнинг амал қилиш муддати 240 кун этиб белгиланмоқда. Заруратга қараб уни узайтириш имконияти сақлаб қолинади. Илгари хорижлик мухбирлар белгиланган талабларга риоя қилган ҳолда АҚШда йиллар давомида фаолият юритиши мумкин эди.
Хитойлик журналистлар учун эса виза муддати янада қисқартирилиб, 90 кун қилиб белгиланиши режалаштирилган. АҚШ расмийлари бу қарорни виза тизимидан эҳтимолий суиистеъмолларнинг олдини олиш билан изоҳламоқда.
ZDF маълумотига кўра, янги талаблар АҚШда аккредитациядан ўтган 1 500 дан ортиқ хорижий журналист фаолиятига таъсир қилиши мумкин.
«Чегара билмас мухбирлар» ва Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) каби халқаро ташкилотлар ташаббусни танқид қилиб, бу чоралар халқаро ОАВнинг АҚШда узоқ муддатли фаолиятини қийинлаштиришини таъкидлади.
Пекин эса ушбу чораларни «камситувчи» деб баҳолаб, уларни бекор қилишни талаб қилди ҳамда зарур ҳолларда жавоб чоралари кўрилишини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter