Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Эрон АҚШни танг аҳволга солиб қўйди – ОАВ

Эрон АҚШни танг аҳволга солиб қўйди – ОАВ

Фото: AFP / АҚШ мудофаа вазирлиги

АҚШ Эронга қарши уруш мобайнида узоқ масофага учувчи ракеталарнинг салмоқли захирасини сарфлаб тугатди. Reuters агентлиги хабар беришича, ҳарбий ҳаракатларда муҳим саналган узоқ масофага учувчи ракеталар захирасининг камайиши Қўшма Штатларнинг эҳтимолий ҳарбий зиддиятларга шайлигини савол остида қолдиради.

Агентлик манбалари сарфланган ракеталар борасида аниқ рақамларни очиқламаган. Аммо улар ATACMS русумидаги баллистик ракеталар ва PrSM типидаги тезкор-тактик ракеталарнинг катта қисми аллақачон ишлатилганини айтган. 

Таҳлилчиларга кўра, ҳар бири 1 миллион доллардан қимматроқ турадиган бундай ракеталар АҚШнинг Россия ёки Хитой билан эҳтимолий зиддиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. 

АҚШ Эрон билан ҳарбий зиддият мобайнида Tomahawk русумидаги қанотли ракеталар захирасининг ҳам ярмини сарфлаб бўлган. Шунингдек, Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва THAAD ракетага қарши мудофаа тизимида истифода этиладиган ракеталар миқдори ҳам кескин қисқарган.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) ўрганишларига кўра, Қўшма Штатлар 2026 йилнинг февраль – июль ойларида Patriot тизими ракеталарининг 65 фоизи, THAAD ракеталарининг эса 38 фоизини ишлатган.

АҚШ президенти Дональд Трамп ракета захираси камайиб бораётгани ҳақида хабарларни рад этиб, мамлакат дунёдаги энг кўп қурол-аслаҳаларга эга эканини айтиб келади.

АҚШ ва Исроил жорий йил 28 февраль куни Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади. Вашингтон ва Тель-Авивнинг ҳаво орқали ҳужумлари жавобан Эрон АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига зарбалар йўллади ва стратегик аҳамиятга эга Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди.   

Эрон уруши Қўшма Штатларга қимматга тушаётгани айтилмода.

Жорий йил июль ойида АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Сенатдаги чиқишида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар Вашингтонга ҳозиргача 37,5 миллиард долларга тушганини маълум қилди. Маъмурият қонун чиқарувчи идорадан уруш харажатларини қоплаш учун қўшимча 67 миллиард доллар сўраган.

Трамп ҳам Конгрессни мудофаа учун қўшимча миллиардларни ажратишга ундамоқда.

Аввалроқ The New York Times АҚШ қарийб триллион долларлик ҳарбий бюджетга қарамай, замонавий урушга тайёр эмаслиги ҳақида ёзганди. Нашрга кўра, Эрон ракеталар ва дронлар ҳисобига босимни сақлаган ҳолда кучли позицияни эгаллаб турибди. АҚШ учун эса қиммат тизимларга таяниш ва қурол-яроғни тез ишлаб чиқариш қобилиятининг пастлиги муаммо бўлмоқда.

Сўнгги ҳафталарда қисқа танаффусдан кейин томонлар ўзаро зарба алмашувини қайта бошлади. АҚШнинг Эронга июль ойи охиридаги ҳужумлари натижасида камида 55 киши ҳалок бўлган ва 645 киши яраланган.

Эроннинг Иорданиядаги базаларга ҳужуми сабаб эса АҚШнинг икки аскари ҳалок бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг