Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Евроиттифоқ Москва босимига қарши Арманистонга 50 млн евро ёрдам ажратади

Евроиттифоқ Москва босимига қарши Арманистонга 50 млн евро ёрдам ажратади

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Арманистонга иқтисодий қўллаб-қувватлаш чоралари доирасида 50 миллион евродан ортиқ маблағ ажратилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқотдан сўнг баёнот берди.

Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, Россия томонидан арман маҳсулотларига нисбатан экспорт чекловларининг кенгайтирилиши иқтисодий муносабатлардан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланилаётганини кўрсатади.

«Москва арман товарларига қўйилаётган чекловлар орқали иқтисодий алоқаларни сиёсий босим қуроли сифатида ишлатмоқда. Биз бу сценарийни яхши биламиз. Шунинг учун Европа Арманистон томонида қатъий турибди», – деди Европа комиссияси раҳбари.

Маълум қилинишича, молиявий ёрдамдан ташқари, Европа Иттифоқи Арманистоннинг айрим маҳсулотлари учун Европа бозорига чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Урсула фон дер Ляйеннинг маълум қилишича, яқин кунларда Арманистондан Латвияга 10 минг туп гул юборилади. Кейинчалик бундай етказиб бериш ҳажми яна оширилиши кутилмоқда.

7 июнь куни Арманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Сўнгги вақтларда Ереван ва Москва ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Россия ҳукумати Никол Пашинянни Ғарбпараст сиёсат юритаётганликда айбламоқда.

Арманистоннинг Европа билан яқинлашиш ҳаракатлари ортидан Россия томонидан мамлакат маҳсулотлари импортига турли чекловлар жорий этилди. Бу чекловлар гуллар, минерал сув, сабзавотлар, кўкатлар, шафтоли, қулупнай, олма ва балиқ маҳсулотларини қамраб олган.

Шунингдек, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон Арманистондан мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида қолиши ёки Европа Иттифоқига интеграция йўлидан бориши масаласини референдум орқали ҳал қилишни талаб қилмоқда. Бироқ бош вазир Никол Пашинян бундай референдум ўтказиш нияти йўқлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг