Европада аномал иссиқ: Рейн дарёси сатҳи рекорд даражада пасайиб кетди
Германияда Рейн дарёси сув сатҳи пасайишда давом этмоқда. Bloomberg агентлигининг Цюрихдаги Швейцария Федерал Технология Институти ҳисоб-китобларига таяниб хабар беришича, Германиянинг жануби-ғарбий қисмидаги Кауб шаҳри яқинидаги сув сатҳи 24 сантиметрга етган. Бу 1880 йилда маълумотлар тўплаш бошланганидан бери рекорд даражадаги паст кўрсаткичдир.
Bloomberg таъкидлаганидек, Рейн сатҳининг пастлиги Европада савдога жиддий путур етказиши мумкин, чунки кўплаб минтақалар учун дарё энергия ва саноат товарлари каби юкларни ташиш учун муҳим йўл бўлиб қолмоқда.
Каубдаги сув сатҳи Рейн дарёсида навигация учун муҳим кўрсаткичдир. Рейн сув йўллари ва юк ташиш бошқармаси дарёда юк ташишнинг тўлиқ тўхтатилиши эҳтимолдан йироқ эканлигини, аммо сув сатҳининг пастлиги енгил кемалардан фойдаланишни талаб қилишини таъкидлади. Бу шуни англатадики, бир хил миқдордаги юкларни ташиш учун кўпроқ кемалар керак бўлади, бу эса транспорт харажатларининг ошишига ва таъминотнинг узилишига олиб келиши мумкин. Илгари Financial Times мутахассисларга таяниб Рейннинг паст сув сатҳи Германиянинг ялпи ички маҳсулот ўсишини 0,1-0,2% га пасайтириши мумкинлиги ҳақида ёзган.
Бу ёзда Рейннинг рекорд даражадаги паст сув сатҳи қурғоқчилик ва Европа бўйлаб бир нечта кучли иссиқлик тўлқинлари туфайли юзага келган. Дунай дарёсининг сув сатҳининг пастлиги янада жиддий оқибатларга олиб келди, бу аллақачон Венгрия, Руминия ва Сербияда юк ташишда узилишлар ва электр узилишларига сабаб бўлди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter