Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Иқтисодчилар сунъий интеллектнинг иқтисодга таъсири ва меҳнат бозорини ўзгартиришидан хавотирда

Иқтисодчилар сунъий интеллектнинг иқтисодга таъсири ва меҳнат бозорини ўзгартиришидан хавотирда

Дунёнинг 200 дан ортиқ етакчи иқтисодчиси ва сунъий интеллект соҳаси тадқиқотчилари технологияларнинг иқтисодиётга таъсири бўйича очиқ мурожаат билан чиқди. Ҳужжатда сунъий интеллект келаси ўн йил ичида иқтисодиётни саноат инқилобидан ҳам каттароқ даражада ўзгартириши мумкинлиги таъкидланган.

«Стэнфорд» университетининг рақамли иқтисодиёт лабораторияси ташаббуси билан тайёрланган мурожаатга иқтисодчилар, компьютер олимлари ва «Anthropic», «Google» ҳамда «OpenAI» каби технология компаниялари вакиллари имзо чеккан. Ҳозирга қадар уни 16 нафар Нобел мукофоти совриндори ҳам қўллаб-қувватлаган.

Уларнинг фикрича, сунъий интеллект меҳнат унумдорлиги ва аҳоли турмуш даражасини сезиларли ошириш имконини бериши мумкин. Шу билан бирга, технологияларнинг жадал ривожланиши меҳнат бозорида кенг кўламли иш ўринлари қисқариши хавфини ҳам келтириб чиқаради.

Очиқ мурожаат атиги тўрт жумладан иборат бўлса-да, унда асосий урғу давлатлар ва институтларнинг масъулиятига қаратилган.

Ушбу иқтисодчилар сунъий интеллект инсон меҳнатини тўлдирувчи ва жамият манфаатларига хизмат қилувчи йўналишда ривожланиши учун зарур рағбатлантириш механизмлари, ҳуқуқий чекловлар ва институтларни ҳозирдан шакллантириш лозимлигини таъкидлаган.

Таъкидланишича, технологиялар тараққиёти тезлиги анъанавий иқтисодий ўзгаришларга нисбатан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин. Шу боис меҳнат бозори, таълим тизими ва ижтимоий ҳимоя механизмларини олдиндан мослаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Сунъий интеллект соҳасининг етакчи олимларидан бири Йошуа Бенжио ҳам мурожаатни имзолаганлар қаторида. Унинг таъкидлашича, технологиялар ривожланишининг ҳозирги суръати сақланиб қолса, сунъий интеллект жаҳон иқтисодиётини тубдан ўзгартириши эҳтимоли жуда юқори.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ботир Қобилов ушбу очиқ хатга муносабат билдираркан ҳайратланганини ёзган: «Тўғриси, мен бироз ҳайратландим. Шунчалик кўп иқтисодчилар бунга қўл қўйганига. Мазмунига эътироз бор менда, айниқса охирги қисмига – AI’ни тўғри йўналишга етаклашимиз керак дейишмоқда. Авваламбор, хатда бирор бир аниқ «нима қилиш керак» деган саволга жавоб йўқ, мавҳум, бўлиши мумкин деган тахминлар келтирилган, холос.

Янги нарсани тасаввур қилинадиган муаммо бўлиши биланоқ тартибга солиш керак деб ўйлай бошлаганимиз яхшиликка эмас деб ўйлайман. Регуляторлар ҳали нима бўлишини билмаган технологияни бошқаришга ҳаракат қилиши керак демоқда бу иқтисодчилар ва фикр етакчилари. Ноаниқ келажак учун қонун ёзиш – бу тахминлар устига қонун қуришдир».

Ботир Қобиловга кўра, бозор кўпинча ҳеч ким хоҳламаган зарарларни ўзи бартараф этади. Преемптив регуляция эса одатда инновацияни ўлдиради ва катта компанияларга рақобатчилардан ҳимоя қалқони бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида, «Microsoft» бир тадқиқотида сунъий интеллект энг кўп таъсир қилиши мумкин бўлган 40 та касб рўйхатини эълон қилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг