Путин Рамзан Қодировни ўрнак қилиб кўрсатди
Россия президенти Владимир Путин 19 декабр куни бўлиб ўтган йил якунларига бағишланган мулоқотда Кавказ халқларига хос урф-одатни ҳамда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ибрат сифатида кўрсатди.
Қарийб 4,5 соат давом этган мулоқот давомида журналистлар ва Россия фуқаролари Кремль раҳбарига турли масалаларда савол билан мурожаат қилган.
«Кавказ халқларида шундай бир яхши анъана бор: улар фарзандларини эрта ёшда уйлантиришади ва турмушга беришади. Бу чиндан ҳам тўғри қарор. Улардан намуна олиш керак. Буни қаердан биламан? Гап шундаки, (Чеченистон раҳбари) Рамзан Қодировнинг оиласи катта, фарзандлари кўп. (Фарзандлари) барвақт уйланади ва эрга тегади. У менга бизда, бутун Кавказда шундай анъана бор деган эди. Бу жуда ҳам ажойиб», — деган Россия раҳбари ёшларни кўпроқ ва эртароқ фарзанд кўришга ундар экан.
Фото: RKadyrov_95/Telegram
Путин ёшларга фарзанд кўриш инсонга юкланган «илоҳий миссия» экани, оталик ва оналик катта бахт эканини уқтирган.
Таҳлилларга кўра, Россия аҳолиси йил сайин камайиб бормоқда. 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 146 028 325 кишини ташкил этган. Шу тариқа 2024 йилга нисбатан Россия нуфуси 0,08 фоизга камайган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2045 йилга бориб Россия аҳолиси 138,8 миллион ёки 130,6 миллионга қадар камаяди. Бу рақамларда Украинага қарши урушдаги инсоний талафотлар инобатга олинмаган.
Баъзи олимлар Россия аҳолиси 2100 йилга бориб 74 миллиондан 112 миллионга қадар камаяди деб ҳисоблайди. Демографик танглик эса мамлакат учун улкан ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради.
Аввал хабар берганимиздек, Путин 2024 йилда ҳам мамлакатда туғилишнинг умумий даражасини ошириш ҳақида фармон чиқарганди. Ҳужжатда туғилишнинг умумий коэффициенти 2030 йилга бориб 1,6 нафарга, 2036 йилда эса 1,8 нафарга етиши лозимлиги қайд этилган.
Бир неча ҳафта муқаддам Россия парламентининг юқори палатаси — Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ҳам мамлакат аёлларини 18 ёшданоқ фарзанд кўришга чақирганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter