Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сирли тарзда ғойиб бўлган олимлардан яна бирининг жасади топилди — Daily Mail

Сирли тарзда ғойиб бўлган олимлардан яна бирининг жасади топилди — Daily Mail

Фото: Daily Mail

АҚШнинг Ню-Мексико штати полицияси 2025 йил июл ойида бедарак йўқолган, Лос-Аламос миллий лабораториясининг 54 ёшли ходими Мелисса Касиаснинг жасади топилганини маълум қилди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.

Касиаснинг жасади Карсон миллий ўрмонидаги Макгаффи тоғ тизмаси ҳудудидан топилган. Жасад ёнида тўппонча ҳам аниқланган. Айни пайтда полиция олимнинг ўлим сабабларини ўрганмоқда.

Мелисса Касиасни сўнгги маротаба 2025 йил 26 июн куни тирик ҳолда кўришган. Ўша куни эрталаб у Лос-Аламос лабораториясида ишловчи турмуш ўртоғини машинада иш жойига элтиб, сўнгра уйига қайтган: у хизмат рухсатномасини уйда унутиб қолдирган бўлган. Соат тахминан 13:00 атрофида кузатув камералари Касиаснинг 518-шоссе бўйлаб ёлғиз кетаётганини қайд этган.

Фото: GoFundMe

Бу жой унинг уйидан тахминан уч миля (салкам 5 км), жасади топилган ҳудуддан эса олти миляча узоқликда жойлашган. Касиаснинг шахсий ва хизмат телефонлари унинг уйидан топилган, негадир ҳар икки қурилма завод созламаларига қайтарилган ҳолатда бўлган.

Фото: Facebook

Касиас 2025 йилда фазони ўзлаштириш, энергетика ва қурол-аслаҳа соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этган ҳолда бедарак йўқолган ёки шубҳали шароитларда ҳалок бўлган америкалик олимлардан биридир. Масалан, Лос-Аламос лабораториясидаги унинг ҳамкасби Энтони Чавес ҳалигача бедарак деб ҳисобланмоқда. 2025 йил июн ойида ғойиб бўлган, НАСАнинг Реактив ҳаракатланиш лабораторияси муҳандиси Моника Ҳасинто Резанинг қаердалиги ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

2025 йил 28 август куни АҚШ Миллий ядровий хавфсизлик бошқармаси ходими Стивен Гарсиа ҳам сирли тарзда ғойиб бўлган. Унинг йўқолиши ҳам Касиас воқеасини эслатади: у ҳам уйида телефонини, ҳужжатлари бўлган ҳамёнини ва калитларини қолдириб, номаълум томонга пиёда кетган.

2025 йил июл ойида НАСАнинг Маршалл фазовий маркази ходими Жошуа Леблан бедарак йўқолган, кейинчалик ўлиги топилган. Унинг жасади ёниб кетган автомобил ичида аниқланган. Расмий хулосага кўра, ўлим йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида юз берган деб баҳоланган, аммо унинг яқинлари Лебланнинг автомобил топилган ўрмон йўли атрофида ҳеч қандай иши бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлашмоқда. ОАВ маълумотларига кўра, 2025 йил давомида ҳукумат лойиҳалари билан боғлиқ амалдорлар ва олимларнинг 12 тадан 14 тагача сирли йўқолиш ҳолатлари қайд этилган.


Мавзу доирасида: NASA муҳандисининг сирли ўлими: Олимларнинг кетма-кет йўқолиши ортида нима турибди?

Жошуа Леблан ва у каби сирли тарзда ўлган ёки йўқолган олимлар. Мелисса Касиас шу пайтгача бедарак йўқолганлар рўйхатида эди.
Фото: New York Post

 


Энг шов-шувли воқеа эса 2026 йил феврал ойида Илмий-тадқиқот лабораториясининг собиқ раҳбари Уилям Нил Маккасланднинг бедарак йўқолиши бўлди. Махфий лойиҳалар билан ишловчи юқори лавозимли амалдорнинг ғойиб бўлиши ҳокимият ва махсус хизматларда катта хавотир уйғотган. Айнан шундан кейин ОАВ барча йўқолиш ҳолатларини ягона занжир сифатида талқин қила бошлади.

Бироқ ҳозирча полиция ва ФҚБ йўқолган ёки ҳалок бўлган олимлар ўртасида қандайдир боғлиқлик мавжудлигини рад этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг