Трамп: АҚШ НАТО учун бошқа давлатлардан анча кўп маблағ сарфлаяпти
АҚШ президенти Доналд Трамп НАТОда мудофаа харажатлари бўйича яна иттифоқдош давлатларни танқид қилди. Унинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари альянс доирасида бошқа ҳар қандай давлатга нисбатан бир неча баробар кўпроқ маблағ сарфламоқда.
Трамп келтирган рақамларга кўра, 2014–2025 йиллар давомида АҚШнинг мудофаа харажатлари 999 миллиард долларни ташкил этган. Кейинги ўринларда Буюк Британия – 90,5 миллиард доллар, Франция – 66,5 миллиард доллар, Италия – 48,8 миллиард доллар ва Польша – 44,3 миллиард доллар қайд этилган.
«Қолган давлатлар, жумладан Германия, бундан ҳам анча кам маблағ сарфламоқда. Бу кулгили ҳолат», — деди Трамп.
НАТОнинг расмий маълумотларига кўра, АҚШ ҳақиқатан ҳам альянсда энг катта мудофаа бюджетига эга. Бироқ бу маблағлар фақат НАТО эҳтиёжларига эмас, балки Вашингтоннинг бутун дунёдаги ҳарбий мажбуриятлари ва операцияларини ҳам қамраб олади. НАТОнинг умумий маъмурий бюджети эса аъзо давлатлар ўртасида алоҳида формула асосида тақсимланади ва унда АҚШ улуши умумий бюджетнинг тахминан 16 фоизини ташкил этади.
Сўнгги йилларда Трамп босими остида Европа давлатлари мудофаа харажатларини босқичма-босқич оширмоқда. 2025 йилги Гаага саммитида НАТОга аъзо давлатлар 2035 йилга қадар мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ харажатларни ЯИМнинг 5 фоизига етказиш бўйича янги мақсадни маъқуллаган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter