Наманганда 577 млн сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар сақланган яширин омбор фош этилди
Наманган шаҳрида сотиш мақсадида санитария қоидаларига зид равишда сақланган, умумий қиймати 577 млн 381 минг сўмлик дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир давомида Наманган шаҳридаги хонадонлардан бири холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 1996 йилда туғилган фуқаро томонидан келгусида сотиш учун сақлаб келинган дори воситалари аниқланган.
У ердан тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 56 турдаги жами 13 184 дона дори воситаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Улар орасида «Цефотаксим», «Бифидумбактерин», «Атропин», «Тидомет Форте» каби препаратлар ҳам бор.
Аниқланишича, дорилар қўшни давлат ҳудудидан айланма йўллар орқали олиб кирилиб, яширин омборда сақланган.
Баҳолаш хулосасига кўра, дори воситаларининг умумий қиймати 577 млн 381 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фуқаролардан ноқонуний дори воситалари савдоси ёки сақланиши билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар бериш сўралмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter