Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Лайло Ҳайитова

Шиори: Олға ҳаракат қил, ўрган, излан, уриниб кўр, муҳими, тўхтама!

Ота-онасини тириклайин ёқиб юборган шахс салкам 16 йилга қамалди

Ота-онасини тириклайин ёқиб юборган шахс салкам 16 йилга қамалди

Видеодан кадр

Бухорода оилавий низо бир неча дақиқа ичида кўп қаватли уй аҳолисининг ҳаётига хавф солган машъум ёнғинга айланди.
 
Суд ҳужжатларига кўра, 29 ёшли Х.Н. ота-онаси билан уй-жой устида тортишиб жанжаллашган, сўнг ўша хонадонга бензин сепиб ўт қўйиб юборган. Ачинарлиси, бу пайтда ота-она уйнинг ичкарисида эди. Ёнғин оқибатида икки киши тан жароҳати олди, бошқа хонадонларга ҳам жиддий зарар етди, қўшнилар хавфсиз жойга кўчирилди. Тириклайин ёқиб юборилган ота-она мўъжиза юз бериб омон қолди.
***
Суд залига кирар эканмиз, беихтиёр инсон танасини жунбушга келтирадиган ҳолат билан тўқнашамиз. Панжара ортида жавобгар — ўғил, жабрланувчилар ўриндиғида эса у тириклайин ўт қўйиб юборган, аммо омон қолган ота-она. Бир оиланинг фожиасини сўзсиз аён қилувчи манзара. Кечагина бир дастурхон атрофида бир оила бўлиб ўтирган инсонлар бугун суд залида бир-бирига қарши томонларга айланишган.
 
2026 йил 15 май куни, соат тахминан 23:00 лар. Бу пайтда кимдир телевизор кўриб ўтирар, кимдир эртанги кунига тайёргарлик кўрар, кимдир фарзандлари билан суҳбатлашарди. 
 
Бир неча соат аввал уй-жойни ўз номига расмийлаштириб бериш талабини рад этгани учун ота-онаси билан жанжаллашиб, уларнинг хонадонидан чиқариб юборилган Х.Н. орқа эшикдан яна қайтиб келди.
 
Бу сафар унинг қўлида бензин тўлдирилган идиш бор эди. Бу пайтда салкам 80 ёшга яқинлашиб қолган отаси М.А. ва онаси Х.А. боягина телевизорни уриб, тепиб, синдириб кетган ўғлининг қилмишидан нолиб, оғриниб ўзаро суҳбатлашиб ўтиришарди. 
 
Шу пайт ётоқхона эшигининг зарб билан ёпилиб, ташқаридан қулфлангани чолу кампирни эсанкиратиб қўйди. Бу вақтда важоҳатга тушган ўғил қўлидаги баклашка тўла бензинни эшик ва унинг атрофига сепа бошлади. У ҳеч нарсани ўйламай, гугурт чақиб, уйга ўт қўйди. Бир зумда хонани қоп-қора тутун ва олов чулғаб олди. Ичкарида қолган ота-она мудҳиш иш ўз фарзандлари томонидан содир этилганини хаёлларига ҳам келтирмаган эди.
 
Бир пайт ўғил ўз ҳаракатидан қўрқиб кетиб, нариги хонага югуриб ўтган. Чолу кампир бақир-чақир қилишган, ташқаридан қулфлоғлиқ эшикни очолмай, саросимада қолишган.
 
Айни шу пайтда Х.Н.га турмуш ўртоғи телефон қилиб қолган.
 
М.Н.: – Дадаси, бўлди ҳеч нарса керак эмас, келинг олдимга.
 
Х.Н.: – Она-отам хонада эди, уйни ёқиб юбордим. Ўлдиларми нима, уй билан тўлиқ ёниб кетдилар.
 
М.Н.:  – Нима-а? Боринг, эшикни очинг...
 
Х.Н.: – Ўлдиларми нима, тўлиқ ёнди, ўт ўчирувчилар келди, уй билан тўлиқ ёнди.
 
М.Н.: – Қаердасиз? Қаердасиз?!
 
Х.Н.: – Қўрқяпман, ўлдиларми нима?
 
Ўзининг бебош хатти-ҳаракати оқибатларини кеч англаган ўғил саросимага тушиб қолган ва ота-онасини қутқариш ўрнига воқеа жойидан қочиб кетган. 
 
Маълумот ўрнида: Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Фарҳод Эргашевнинг «Xabar.uz»га тақдим этган жиноят иши ҳужжатларида фуқаро Х.Н. ва унинг турмуш ўртоғи М.Н. билан суҳбатининг стенограммасини ўқибоқ, судланувчининг содир этган қилмишига оид муҳим ҳолат судда эмас, жиноятга алоқадор текширувлар жараёнида унинг телефонидаги суҳбатлар ўрганилганда аниқланган. Судда эса воқеа тафсилотлари бошқача талқин қилинган. 
 
Ота бор кучини йиғиб: – Кампир, сени қутқараман. Мабодо, менга бир гап бўлса, фарзандларим сенга омонат! – дея ўзини зарб билан эшикка урган.
 
Тутун ва олов аралаш қуюн хонага ёпирилиб кирган. Танасининг кўп қисми куйган чол елка ва қўллари куйган кампирини 3-қаватгача судраб чиққан.
 
– Телевизор кўриб ўтиргандик. Қўққисдан кўчада «қий-чув» кўтарилди. 3-қаватда яшаймиз. Нима гаплигини билиш учун кўча эшикка қараб югурдик. Шундоқ уйимиз даҳлизи аччиқ тутун ҳидидан бурқсиб кетган эди. Турмуш ўртоғим эшикни очиши билан қоп-қора тутун аралаш қуюн хонамизни тўлдирди. 1-қаватда яшовчи қўшнимиз чолу-кампир  эшигимиз қаршисида, зинада эса бир аҳволда  ўтиришганди, — деди судда ўзини таништирган қўшнилардан бири. 
 
Салкам 4 ой давомида касалхонада ётиб даволанган ота-она шундай оғир аҳволда ҳам «фарзандим» деган, унга нисбатан оғир жазо чоралари қўлланмаслиги учун айбни ўғлидан соқит қилишга уринишган. Ота-она фарзанди уларни эмас, балки ўз жонига қасд қилиш учун жаҳл устида ўт қўйганини, худди шунингдек, ўғил ҳам ота-онасини эмас, аслида ўзини-ўзи ёқиб юбормоқчи бўлганини айтган. 
 
Суд муҳокамаларида судланувчининг аввалги кўрсатмалари кейинчалик билдирган важлари билан таққослаб кўрилган. У уйда ота-онаси йўқ деб ўйлаганини, фақат ўз жонига қасд қилиш ниятида уйни ёққанини, кейин эса фикридан қайтганини айтган. Бироқ суд-тергов жараёнида унинг аввалги кўрсатмалари экспертиза хулосалари билан таққосланганда, келтирган важлари бир-бирига зид экани аниқланди.
 
Албатта, жабрланган ота-она суд жараёнида фарзандини ҳимоя қилишга уринди. Чунки фарзанд қанчалик оғир гуноҳ қилмасин, жигарбанд барибир жигарбанд-да. Суд эса ота-онанинг бу позициясини айбдорга нисбатан жазони енгиллаштиришга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолади.
 
Суд ҳукмида баён этилишича, можаронинг асл илдизи оиладаги уй-жой масаласига бориб тақалади. Х.Н.нинг ота-онаси аввал Бухоро шаҳридаги М.Таробий маҳалласида жойлашган ҳовлини 60 минг АҚШ долларига сотган, сўнгра А.Сомий кўчасидаги кўп қаватли уйдан 45 минг долларга хонадон харид қилган. Улар қолган пул ҳисобидан Х.Н. ва унинг укасига янги уй сотиб олиш учун бошланғич тўлов сифатида ёрдам беришни кўзлашган эди. Бироқ кейинчалик вазият бутунлай ўзгариб кетган.
 
2023 йилда уйланган Х.Н.нинг турмуш ўртоғи ва ота-она ўртасида доимий келишмовчилик ва жанжаллар чиқиб турган. Важ келтирилишича, келин кекса қайнона-қайнотанинг уй-рўзғор ишларига етарлича қарашмаган, уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва маиший юмушларида кўмаклашмаган.
 
Оиладаги муносабатлар тобора таранглашиб, бу ҳолат хонадондаги келишмовчиликларнинг кучайишига сабаб бўлган.  Бундай вазиятдан кейин ота-она уларни ижарага чиқиб кетишини ва келинни бу хонадонга умуман яқинлаштирмасликни талаб қилишган.
 
Шундай кунларнинг бирида Х.Н. ота-онасининг уйига келиб, хонадонни ўз номига расмийлаштириб беришни талаб қилган. Ота-она эса бунга қатъий норозилик билдиради. Бундан ғазабланган ўғил, ёнғин содир этишидан бир неча соат олдин, онасини бўғишга уринган. Кейин у ўзини қўлга олгандек туюлса-да, барибир аламини босиш учун телевизорни тепиб синдиради, бақир-чақир қилиб, уй эшигини зарб билан ёпганча чиқиб кетади. Қўрқиб қолган ота-она зудлик билан ички ишларларга қўнғироқ қилади. Кўп ўтмай ҳудуд профилактика инспектори хонадонга етиб келган. У ҳолатни ўрганиб, қайтган ва Х.Н.ни суҳбатлашиш учун ўз хизмат хонасига чақирган.
 
Судланувчининг кўрсатмасига кўра, у профилактика инспекторининг хизмат хонасидан чиққач, яна онаси билан гаплашишга уринган. Бироқ ҳеч қандай уй-жойга эга бўла олмаслигини англагач, уй-жойга қўшиб ота-онасини тириклайин ёқиб юборишни мақсад қилган...
 
Бу воқеадаги энг оғриқли жиҳат шундаки, танасининг маълум қисми куйган ота-она фарзандининг қўлидан ўлим топиши мумкин бўлган ўша даҳшатли тунда фақат мўъжиза сабабли омон қолди. Олов уларнинг уйини вайрон қилди, аъзои баданига жиддий жароҳат етказди, аммо ҳаётларини олиб кетолмади. Афсуски, ўша тунда нафақат уй-жой ва мол-мулк, балки бир оиланинг йиллар давомида шаклланган меҳр-оқибати ҳам аланга ичида ёниб кул бўлди.
 
Суд ҳукмида фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотлари ҳам келтирилган. 
 
– Тунги соат тахминан 23:14 да ёнғин ҳақида хабар келиб тушди. Ўт ўчириш бўлинмалари соат 23:19 да воқеа жойига етиб боришди. 15 нафар ўт ўчирувчи, учта автоцистерна, ёнғин ўчириш штаби автомобили ва лаборатория автомобили жалб қилинди. Ёнғин соат 23:48 да тўлиқ бартараф этилди. Қутқарувчилар томонидан фақатгина оловни ўчириш билан чекланиб қолинмай, юқори қаватларда қолиб кетган одамлар ҳам эвакуация қилинди, — деди судда иштирок этган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими.
 
Ёнғиннинг моддий оқибатлари ҳам салмоқли бўлди. Суд ҳужжатидаги ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин хонадонга 75 миллион 570 минг сўм, кўп қаватли уйнинг кириш йўлагига 11 миллион 441 минг сўм, бошқа хонадон эгаларига 5 миллион 386 минг сўм миқдорида зарар етказган. Жами 91 миллион 884 минг сўм моддий зарар етказилган. Шунга қарамай, жабрланувчилар ва фуқаровий даъвогарлар суд жараёнида етказилган моддий зарар бўйича даъволари йўқлигини билдиришди.
 
— Суд Х.Н.нинг ҳаракатларини иккита жиноят таркиби бўйича малакалади. Биринчиси — Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «д», «ж», «и» бандлари билан назарда тутилган, яъни икки ёки ундан ортиқ шахсни, ожиз аҳволдаги шахсни, бошқалар ҳаёти учун хавфли усулда, ўта шафқатсизлик билан ва тамагирлик ниятида қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш. Иккинчиси — Жиноят кодекси 173-моддаси 2-қисмининг «б» бандида назарда тутилган ўзганинг мулкини атрофдагилар учун хавфли усулда қасддан нобуд қилиш. Суд Х.Н.ни ушбу жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди, — деди жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди раиси Фарҳод Эргашев.
 
Суд Х.Н.га 15 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мулкни қасддан нобуд қилиш жинояти учун эса 2 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланди. Жиноятлар мажмуи бўйича жазолар қисман қўшилиб, унга узил-кесил 15 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Маҳкум жазони умумий тартибли колонияда ўтайдиган бўлди.
 
***
Ота-она бир пайтлар унинг қўлидан тутиб юрган, илк қадамларини кўриб қувонган. Ўғил улғайиб, кучга тўлганда ҳам хасталанса, тунлари бошида бедор ўтиришган. Бугун ўша жигарбанд панжара ортида, олдинда 15 йил-у 6 ойлик маҳкумлик қисмати. Кекса ота-она бу йилларни фарзандининг йўлига кўз тикиб ўтказади. Ўз отаси ва онасини тириклайин ёқишга қасд қилган фарзанд бир кун келиб яна уларнинг «болам» деган меҳрли қучоғига сиғиш бахтига эриша олармикин?..
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг