Қашқадарёда боғча тарбияланувчилари жазирамада очиқ майдондаги тадбирга жалб қилинди
Аввалроқ тармоқда Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманидаги боғчалардан бирида «Долзарб 90 кун» тадбири ўтказилиб, болалар иссиқ об-ҳавода очиқ майдондаги тадбирга жалб қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат жорий йилнинг 8 июл куни юз берган.
Маълум қилинишича, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан барча ҳудудий бўлимларга аномал иссиқ кунларда «Долзарб 90 кун» тадбирларини очиқ майдонларда эмас, имкон қадар салқин ва ёпиқ жойларда ташкил этиш ҳамда ўқувчилар саломатлиги ва хавфсизлигини устувор вазифа сифатида таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Ҳолатга, шунингдек, Болалар омбудсмани ҳам муносабат билдирди.
Омбудсман жазирама ёз кунларида мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида болалар саломатлигини ҳимоя қилиш зарурлигини эслатиб, таълим муассасаларини очиқ ҳавода ўтказиладиган тадбирларни чеклашга чақирди.
Бундай тадбирлар болалар саломатлигига зарар етказиши ҳамда белгиланган хавфсизлик стандартларига зид бўлиши мумкинлиги таъкидланди.
Юқори ҳарорат ва тўғридан тўғри қуёш нурлари остида болаларнинг бўлишига йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қатъий назорат ўрнатилиши зарурлиги қайд этилди.
Болалар омбудсмани жазирама даврида таълим муассасаларида болалар учун соғлом ва хавфсиз муҳитни таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter