Тошкентда Салар каналига оқова сув ташлаган қурилиш компанияси 2,2 млрд сўм компенсация тўлайди
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари вақтида оқова сув қувурига шикаст етказилиши оқибатида катта ҳажмдаги оқова сув Салар каналига ноқонуний равишда оқизилгани аниқланди.
Экология қўмитасининг маълум қилишича, ўтказилган текширувда «B.B.» МЧЖ томонидан кўп қаватли турар жой қурилиши давомида шаҳар оқова сув тармоғига тегишли қувур шикастлангани ва унинг бир қисми ўпирилиб тушгани аниқланган.
Натижада тўпланиб қолган оқова сувлар махсус насослар ёрдамида ҳеч қандай тозалашсиз тўғридан тўғри Салар каналига чиқариб юборилган.
Лаборатория таҳлиллари оқова сув таркибида нефт маҳсулотлари қолдиқлари меъёрдан 5,02 баравар, аммоний азоти 43,5 баравар, ХПК 4,9 баравар, муаллақ моддалар эса 13,6 баравар юқори эканини кўрсатган.
Шунингдек, ифлосланган тупроқ намуналарида ҳам нефт маҳсулотлари қолдиқлари аниқланган.
Мутасаддилар маълумотига кўра, 63 минг 936 куб метр оқова сув ҳеч қандай рухсатномасиз Салар каналига ташланган. Ҳолат оқибатида табиатга етказилган зарар учун 2 миллиард 160 миллион сўм миқдорида компенсация ҳисобланди.
Бундан ташқари, оқова сувлар туфайли ер релефи ва тупроқ ҳам ифлослангани аниқланиб, бунинг учун яна 60 миллион сўм компенсация белгиланди.
Натижада «B.B.» МЧЖ табиатга етказилган зарар учун тўлаши зарур бўлган жами компенсация 2 миллиард 220 миллион сўмни ташкил этди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter