Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент Администрацияси фаолияти қонун билан тартибга солинди

Президент Администрацияси фаолияти қонун билан тартибга солинди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фаолиятини тартибга солувчи Конституциявий Қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 6 августда қабул қилиниб, 7 август куни Сенат томонидан маъқулланган эди.

Қонунга кўра, Президент Администрацияси давлат бошлиғининг ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органи ҳисобланади. Администрация Президентга бевосита бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

Шунингдек, Администрация Президент фармонлари, қарорлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратни ташкил этади.

Администрациянинг асосий вазифалари қаторига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланишини таҳлил қилиш, ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш киритилди.

Шунингдек, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишига кўмаклашиш ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда иштирок этиш вазифалари белгиланди.

Администрация аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, фуқароларнинг Президентга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга ошириши учун шароит яратиш билан ҳам шуғулланади.

Бундан ташқари, давлат кадрлар сиёсати, қонунчилик сиёсати, ташқи муносабатлар ва Президент ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини ташкилий таъминлаш ҳам Администрация вазифалари қаторига киритилди.

Қонун Администрацияга давлат органлари ва ташкилотларидан зарур маълумотларни сўраш ва олиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш ваколатини беради.

Администрация раҳбари эса Президентга бевосита бўйсунувчи давлат органлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилиши, уларга топшириқлар бериши ва натижадорлигини баҳолашни ташкил этиши мумкин.

Ҳужжатда Администрация фаолиятининг асосий принциплари ҳам белгиланган. Улар қаторида Конституция ва қонунлар устунлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ва шаффофлик кўрсатилган.

Қонуннинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг