Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкентда болалар майдончаси ўрнидаги қурилиш бўйича жиноят иши қўзғатилди

Тошкентда болалар майдончаси ўрнидаги қурилиш бўйича жиноят иши қўзғатилди

Фото: Telegram/Rasmiy xabarlar

Тошкент шаҳрининг Миробод туманида болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳлари ўрнида олиб борилган қурилиш ишлари юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Қайд этилишича, ўрганишлар давомида аввал «Маҳалла» хайрия жамоат фонди балансида бўлган ҳудуд кейинчалик «Al-Latif Hearts Tower» МЧЖ тасарруфига ўтказилгани ҳамда реконструкция ва қўшимча бино-иншоотлар қуриш учун тегишли рухсат ҳужжатлари расмийлаштирилгани аниқланган.

Бироқ, «Лолазор» маҳалласи аҳолиси мазкур ҳудудда янги бино қурилишига қаршилик билдирган. Шунингдек, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди билан инвестор ўртасидаги инвестиция шартномаси ҳам бекор қилинган.

Шунга қарамай, 2026 йил июн ойида фонд балансидаги 172 квадрат метр майдондаги бино бузиб ташлангани оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2026 йил 27 июл куни туман прокуратураси томонидан «Al-Latif Hearts Tower» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, жамиятнинг норасмий раҳбари сифатида кўрсатилаётган Аслиддин Икромов гумон қилинувчи тариқасида процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Масъулларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда болалар майдончасини аввалги ҳолатига қайтариш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг