Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди

Маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди

Фото: Xabar.uz

14 августда қабул қилинган ЎРҚ–1165-сонли Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ишончнинг ҳуқуқий ҳимояси принципи киритилди ҳамда маъмурий судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди.

Дастлабки эшитув маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишни суд муҳокамасига тайёрлаш жараёнида ўтказилади.

Судья дастлабки эшитувни ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кундан кечиктирмай ўтказади. Унда судья:
аризачининг талаблари ва жавобгарнинг эътирозларини аниқлаштиради;
аризадаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради;
аризачига зарур далилларни, жавобгарга эса ўз фикрини ёзма равишда тақдим этиш бўйича тушунтиришлар беради;
аризадаги талаблар ва ишдаги далилларга дастлабки ҳуқуқий баҳо беради.

Дастлабки эшитув натижасига кўра аризани кўрмасдан қолдириш, келишув битимини тасдиқлаш ёки иш бўйича суд муҳокамасини тайинлаш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Шунингдек, маъмурий орган мансабдор шахси ёки унинг вакилининг суд мажлисида иштироки мажбурий ҳисобланади. Узрли сабабсиз судга келмаган тақдирда, муҳокама кейинга қолдирилиши ва суд мансабдор шахсга нисбатан суд жаримаси қўллаши мумкин.

Айни вақтда, уларнинг иштироки ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, иш давлат органи мансабдор шахси ёки унинг вакили иштирокисиз ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Қонун билан иқтисодий судларнинг маъмурий бошқарув тизимини соддалаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ҳам киритилди. Маъмурий судларга эса маъмурий ишларни муҳокама қилиш чоғида аниқланган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича, жумладан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган ишларини кўриб чиқиш ваколати берилди.

Бундан ташқари, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, айрим ҳолатларда давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асослар белгиланди. Улар қаторига дастлабки эшитув натижасига кўра аризанинг кўрмасдан қолдирилиши ҳам киритилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг