Наманганда 5 ёшли болага нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсга қандай жазо берилади?
Наманган вилоятида вояга етмаган болага нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан ижтимоий тармоқларда турли тасдиқланмаган хабарлар тарқалмоқда. Мазкур ҳолат бўйича мутасадди ташкилотлар расмий маълумотларни эълон қилди.
Маълум қилинишича, болага қарши содир этилган жинсий зўравонлик ҳолати юзасидан Наманган вилояти Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан 2026 йил 12 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми ҳамда 112-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисмида вояга етмаган шахсга нисбатан номусга тегиш билан боғлиқ жиноят учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Расмий маълумотларга кўра, мазкур тоифадаги жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташ билан боғлиқ қатор енгилликлар қўлланилмайди.
Жиноят иши қўзғатилган куни, яъни 12 сентябрда жиноят содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган. Унга нисбатан суд томонидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Айни пайтда жиноят иши доирасида дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу сабабли воқеанинг барча тафсилотлари ва унга ҳуқуқий баҳо бериш масаласи тергов натижалари асосида аниқланади.
Ҳолат юзасидан вояга етмаган жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудуднинг «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари томонидан болага зарур психологик, тиббий, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиши дарҳол йўлга қўйилган. Айни вақтда бола ва унинг оиласига кўмак бериш жараёни давом этмоқда.
Шунингдек, Болалар омбудсмани томонидан мазкур иш юритуви доирасида жабрланувчи боланинг қонуний манфаатлари таъминланиши юзасидан кузатув олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат вояга етмаган шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлиги билан бевосита боғлиқ. Шу боис ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар қандай тасдиқланмаган маълумот, воқеа тафсилотларини асоссиз равишда ошкор қилиш ёки болани идентификация қилишга имкон берувчи маълумотларни тарқатиш унинг ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиши мумкин.
Шу муносабат билан ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан мазкур ҳолатни ёритишда, аввало, жабрланувчи боланинг манфаатларини устувор қўйиш, унинг шахсий маълумотлари ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш ҳамда фақат ваколатли ташкилотлар томонидан расман тақдим этилган маълумотларга таяниш сўралмоқда. Тергов жараёни якунлангач, иш бўйича қонуний тартибда тегишли ҳуқуқий қарор қабул қилинади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter