Суд жараёнларини ОАВда ёритишни такомиллаштириш бўйича дастур бошланди
Суд тизимида очиқлик ва ишонч: медиа-коммуникация янги босқичга чиқмоқда.
Одил судлов академиясида Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда суд органлари ахборот хизматлари ходимлари ва судьялар учун «Медиа-коммуникация ва инқирозли вазиятларда ишлаш» мавзусида махсус икки кунлик ўқув курси ўз ишини бошлади.
Мазкур ўқув-амалий дастур суд тизимида очиқликни таъминлаш, ОАВ ва блогерлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, суд жараёнларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тўғри ёритиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Дастур доирасида суд фаолиятини ёритишда мувозанат — очиқлик, айбсизлик презумпсияси ва медиа масъулияти, танқидий материаллар таҳлили, расмий ахборот каналларини самарали юритиш, шунингдек, инқирозли вазиятларда тезкор ва асосли коммуникация олиб бориш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилмоқда.
Шу билан бирга, замонавий медиа матн яратиш, суд қарорларини содда ва тушунарли тилда етказиш, жонли эфир ва интервьюларда самарали нутқ юритиш, репутацион рискларни бошқариш ҳамда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш каби долзарб йўналишлар ҳам қамраб олинган.
Мазкур ўқув курси суд тизими ва жамоатчилик ўртасида очиқ, ишончли ва самарали мулоқотни йўлга қўйишда муҳим амалий платформа бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумот учун: ўқув курси эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter