Тошкент шаҳар суди «Реал Санжик» иши бўйича баёнот берди
Тошкент шаҳар суди «Реал Санжик иши» бўйича баёнот берди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида С. Каримовга («Реал Санжик») оид жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Ўтаётган ҳар бир суд процессида журналист ва блогерлар ҳозир бўлиб, жараён ҳақида мунтазам ахборот бериб борилаётгани суд муҳокамаларида очиқлик таъминланаётганини кўрсатади. Яъниким, медиа вакилларининг суд жараёнини суратга олиш, ёзма қайдлар ва аудиоёзув олиб бориш, стенограмма юритишларида чекловлар йўқ. Фақат видеотасвирга олиш рухсат этилмаган, сабабики, бунга иш бўйича тарафларлар бирдек розилик билдирмаган бўлса, иккинчидан, судга нисбатан ижтимоий босим ва бошқа таъсирлар эҳтимолини олдини олиш бўйича раислик этувчи томонидан кўрилган зарурий чора ҳисобланади, дейилади хабарда.
Айни пайтгача журналист ва блогерлардан суд мажлисида иштирок этиш масаласида эътироз ёки шикоят келиб тушмади. Бироқ мавзуга оид айрим ахборотларда айбсизлик презумпцияси талаблари бузилиши аломатлари, ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаган айрим далилларни ошкор қилиш, тарафларни суҳбатга тортиш каби ҳолатлар учрамоқда. Хусусан, иш бўйича жабрланувчининг ихтиёрига қарши унга микрофон тутиб, тасвирларда юзи аниқ кўрсатилмаса-да, исм-шарифи тўлиқ ва аниқ ёзилаётгани(?!), томонлар ўртасидаги аудиоёзувларни эълон қилиш, айниқса, тарафларнинг ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаган важларига кенг ўрин берилаётгани айрим ахборотларнинг холислигига шубҳа, якунига етмаган процесс бўйича эса жамоатчиликда турли башорат ва янглиш хулосалар шаклланиши эҳтимолни юзага келтирмоқда.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати, юқоридаги баёнлардан келиб чиқиб, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни жиноят иши бўйича ортиқча тафсилотлардан тийилиш ҳамда айбсизлик презумпцияси тамойилларига қатъий риоя этишга чақиради, дея хулоса қилинади баёнотда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter