Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда уй-жойлар қайта баҳоланди: янги ва олдинги кадастр қиймати кескин фарқ қилди

Тошкентда уй-жойлар қайта баҳоланди: янги ва олдинги кадастр қиймати кескин фарқ қилди

Фото: Xabar.uz

14 август куни Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Тошкент шаҳрида ўтказилган кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари муҳокама қилинди. Унда ОАВ вакиллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши аъзолари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.

Баҳолаш жараёнида пойтахтда 600 мингдан ортиқ квартира қамраб олинди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 трлн сўм бўлган бўлса, оммавий баҳолаш натижасидаги қиймат 426,7 трлн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, 213 мингдан ортиқ ҳовли-жой қайта баҳоланди. Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 трлн сўмдан, оммавий баҳолаш натижасидаги қиймати эса 548,4 трлн сўмдан иборат бўлди.

Баҳолаш натижалари Тошкент шаҳрида кўчмас мулк қиймати ҳудудлар кесимида сезиларли фарқ қилишини кўрсатди. Хусусан, квартираларнинг бир квадрат метри қиймати 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача бўлган.

Бир сотих ер участкасининг қиймати эса ҳудудга қараб 115 млн сўмдан 890 млн сўмгача аниқланган. Бу кўрсаткичлар пойтахтда кўчмас мулк нархларидаги ҳудудий фарқни яққол намоён этмоқда.

Оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш 2025 йил 5 мартдаги Президент фармони билан белгиланган. Биринчи босқич 2025–2026 йилларда Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида амалга оширилмоқда.

Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу даврда мулкдорлар баҳолаш натижалари ва ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг