Япония Путиннинг хатти-ҳаракатини қоралади
Япония ташқи ишлар вазирлиги биноси.
Япония ҳукумати Россия президенти Владимир Путиннинг Курил оролларига ташрифини кескин қоралади.
«Шимолий ҳудудлар, жумладан, Итуруп (ороли) ҳам тарихий жиҳатдан, ҳам халқаро ҳуқуққа мувофиқ Япониянинг ажралмас таркибий қисми саналади. Шу боис Япония ҳукумати ушбу ташрифга қатъий равишда эътироз билдиради», – дея баёнот берди мамлакат ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэги 13 август куни.
Кремль матбуот хизмати Путиннинг Итуруп оролига ташрифи акс этган видеолавҳаларни эълон қилди.
Маълум бўлишича, Россия раҳбари Курил марказий шифохонаси, мактаб ва балиқни қайта ишлаш комбинатига борган, шунингдек, Сахалин губернатори билан учрашган.
Бу Владимир Путиннинг Япония Россия ноқонуний равишда босиб олган деб ҳисоблайдиган Курил оролларига илк ташрифидир. 2010 йилда кезлар Россия президенти вазифасида фаолият юритган Дмитрий Медведев ҳам баҳсли ҳудудга ташриф буюрган эди.
Совет Иттифоқи Иккинчи жаҳон уруши якунида Кунашир, Шикотан, Итуруп, Хабомаи ва бир неча кичик оролни ўз ҳудудига қўшиб олган. Япония эса «Шимолий ҳудудлар» деб аталган ороллар азалдан ва халқаро ҳуқуққа кўра ўзига қарашли эканини таъкидлайди.
Euronews хабар беришича, нисбатан ноқулай иқлимга қарамай, Курил оролларида 20 мингга яқин Россия фуқароси яшайди. 1945 йилда оролларни эгаллагач, Москва бу ерда яшаб келган 17 мингга яқин япон аҳолисини депортация қилган.
Ушбу ҳудуд табиий бойликлар, жумладан, йирик олтин ва кумуш захираларига эга.
Совет Иттифоқи ва АҚШ ўртасида қуролланиш пойгаси,«совуқ уруш» кечган йилларда мазкур ороллар стратегик аҳамият касб этган.
1956 йилда Совет Иттифоқи Шикотан ва Хабомаи оролларини қайтариш ваъдасини берган ҳолда Япония билан тинчлик декларациясини имзолаган. Кейинроқ Япония ҳукумати барча оролларни қайтаришни талаб қилган ва тинчлик битими имзоланмай қолиб кетган.
Совет Иттифоқи парчалангач, Москва ва Токио ўртасидаги музокаралар қайтадан бошланган, аммо натижасиз якунланган. Ороллар ҳозирга қадар Россия назоратида.
Россия 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли босқинчилик уруши бошлагач, Япония Ғарб давлатлари Москвага нисбатан жорий этган молиявий чекловларга қўшилди.
Аввал хабар берганимиздек, Токионинг ўзи ҳам Россияга қарши бир қатор санкциялар жорий этган. Жумладан, Россиянинг бир қатор давлат амалдорлари, жумладан, президент Владимир Путин ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга тегишли маблағларни музлатган.
Экспертлар ҳозирча икки давлат ўртасида тинчлик битими юзасидан музокара ўтказиш истиқболини савол остига олади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter