Россияда бир ойда юзлаб ўзбекистонлик мигрантга ёрдам кўрсатилди
Жорий йилнинг июл ойида Миграция агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси томонидан Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган 774 нафар Ўзбекистон фуқаросига ижтимоий, ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди.
Маълум қилинишича, улардан 597 нафари, жумладан 110 нафар аёл ва уларнинг 228 нафар вояга етмаган фарзанди Ўзбекистонга қайтарилган. Шунингдек, 91 нафар фуқарога бир марталик моддий ёрдам ажратилган, 83 нафар бошпанасиз қолган юртдош бир ой муддатга бепул хостелга жойлаштирилган.
Бундан ташқари, 3 нафар оғир касалликка чалинган фуқаронинг даволаниш харажатлари қисман қоплаб берилган.
Ҳисобот даврида 860 нафар мурожаатчига ҳуқуқий ва амалий ёрдам ҳам кўрсатилган. Хусусан, 64 нафар фуқаронинг жами 4 миллион рубл миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилган. 53 нафар учун Ватанга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилган, 31 нафарнинг иш берувчи томонидан олиб қўйилган шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтарилган. Яна 712 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳат берилган.
Шунингдек, ишсиз қолган 220 нафар Ўзбекистон фуқароси Россиядаги 7 та корхонага ишга жойлаштирилган.
Миграция агентлиги Россияда иш ҳақи тўланмаслиги, ҳужжатлар билан боғлиқ муаммолар, иш берувчи билан низолар ёки бошқа ҳуқуқий масалаларга дуч келган фуқароларни Москва шаҳридаги ваколатхонага мурожаат қилишга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter