Россияда мигрантлар учун даромад солиғини ошириш таклиф қилинди
Россия Давлат Думасида мигрантлар учун жисмоний шахслар даромад солиғини 30 фоизгача ошириш таклиф қилинди. Бу ҳақда ТАСС ЛДПР фракцияси раҳбари биринчи ўринбосари Андрей Луговойга асосланиб, хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, мигрантлар Россия инфратузилмаси ва тиббиёт тизимидан фойдаланади, шу сабабли улар даромад солиғини тўлиқ ставкада тўлаши керак.
Депутат солиқларни тўламаган мигрантларни Россиядан чиқариб юборишни ҳам таклиф қилди. «Солиқ таътиллари ва бўлиб-бўлиб тўлаш бўлмаслиги керак: тўламадингми — мамлакатни тарк эт», — деди Луговой.
Шунингдек, Россияга кириш учун махсус аванс ҳисобини жорий этиш таклиф қилинди. Унга мигрант ёки иш берувчи депортация, вақтинча сақлаш марказида бўлиш, суд харажатлари ва жарималарни қоплаш учун маблағ киритиши керак.
Луговойнинг таъкидлашича, миграция сиёсати Россия манфаатларига мослаштирилиши ва чет эл фуқаросининг мамлакатда қаерда, қандай асосда яшаётгани, ишлаётгани, солиқ тўлаётгани ҳамда қонунларга риоя қилаётганини назорат қилиш имконини берувчи ягона тизим яратилиши керак.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter