Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ Эрон билан урушда яна бир жиддий йўқотишга учради

АҚШ Эрон билан урушда яна бир жиддий йўқотишга учради

Фото: AҚШ миллий гвардияси

АҚШ Эронга қарши уруш мобайнида камида 45 дона MQ-9 Reaper русумли учувчисиз қурилмасини йўқотди. Шу тариқа Вашингтон MQ-9 Reaper русумли дронлар захирасининг 25 фоизини бой берган. Бу ҳақда The Washington Post нашри хабар қилди.

Жиҳозланиш усулига кўра, мазкур дронлар 30 миллион доллардан 50 миллион долларга қадар баҳоланади. Демак, АҚШнинг бу борадаги молиявий зарари 1,3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади. 

MQ-9 Reaper дронлари разведка маълумотлари йиғиш ва ҳаракатдаги нишонларни йўқ қилиш мақсадида қўлланади. Турбо двигатели билан жиҳозланган ушбу дронлар 400 км/cоат тезликда ҳаракатланади.

24 соат мобайнида 15 км баландда уча оладиган  MQ-9 Reaper дронлари “ҳаво – ер” ва “ҳаво – ҳаво” тоифасидаги ракеталарни ташийди.

Қўшма Штатлар Исроил билан биргаликда Эронга қарши кенг кўламли уруш бошлаган 2026 йил 28 февралга қадар АҚШ ҳарбийлари тасарруфида 185 дона MQ-9 Reaper дронлари бўлган.

Аввалроқ АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари генерали Дэвид Тейбор Сенатга берган ҳисоботида MQ-9 Reaper дронлари сони қисқараётгани юзасидан хавотир билдирганди.

Ўн кун олдин Reuters агентлиги АҚШ Эронга қарши уруш мобайнида узоқ масофага учувчи ракеталарнинг салмоқли захирасини сарфлаб тугатгани ҳақида хабар берганди. Жумладан, агентлик манбалари ҳар бири 1 миллион доллардан қимматроқ турадиган ATACMS ва PrSM русумли ракеталарнинг катта қисми аллақачон ишлатилганини айтган.

АҚШ Эрон билан ҳарбий зиддият мобайнида Tomahawk русумидаги қанотли ракеталар захирасининг ҳам ярмини сарфлаб бўлган. Шунингдек, Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ва THAAD ракетага қарши мудофаа тизимида истифода этиладиган ракеталар миқдори ҳам кескин қисқарган.

АҚШ президенти Доналд Трамп ракета захираси камайиб бораётгани ҳақида хабарларни рад этиб, мамлакат дунёдаги энг кўп қурол-аслаҳаларга эга эканини айтиб келади.

Аммо таҳлилчиларга кўра, ҳарбий ҳаракатларда муҳим саналган узоқ масофага учувчи ракеталар захирасининг камайиши Қўшма Штатларнинг эҳтимолий ҳарбий зиддиятларга шайлигини савол остида қолдиради.

Эрон уруши Қўшма Штатларга молиявий жиҳатдан ҳам қимматга тушмоқда.

Жорий йил июл ойида АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Сенатдаги чиқишида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар Вашингтонга ҳозиргача 37,5 миллиард долларга тушганини маълум қилди. Маъмурият қонун чиқарувчи идорадан уруш харажатларини қоплаш учун қўшимча 67 миллиард доллар сўраган.

Трамп ҳам Конгрессни мудофаа учун қўшимча миллиардларни ажратишга ундамоқда.

Америка оммавий ахборот воситаларида Трамп сўнгги бир ҳафтага қадар Эронга қарши ҳужумларни давом эттириш ниятида бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ юқори аниқликдаги ракеталар захираси сезиларли даражада камайгани ортидан Оқ уй хўжайини ҳужум қароридан воз кечгани айтилган.

АҚШ президентининг сўнгги бир ҳафта давомида берган баёнотларида ҳам Эронга нисбатан риторика эҳтиёткорроқ тус олгани кузатилган. Хусусан, куни кеча Трамп Эрон билан “жимгина” музокара олиб борилаётганини айтган.

14 август куни Трамп Ню-Йоркдаги чиқишида стратегик кураш майдонига айланган Ҳўрмуз бўғози тўлиқ АҚШ назоратида эканини айтганди. Эрон бу даъвони рад этган ва Ҳўрмуз Эрон тасарруфида қолаётганини маълум қилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг