Ўзбекистон Қувайт ва Сурияга янги йўналишлар орқали маҳсулот етказмоқда — нималар экспорт қилиняпти?
Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси миллий маҳсулотларни Қувайт ва Сурия бозорларига барқарор ҳамда тезкор етказиб бериш мақсадида янги транспорт-логистика йўлакларини шакллантириш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятида ишлаб чиқарилган гилам маҳсулотлари Қувайтнинг «Montreal House Wholesale Co» компанияси билан тузилган шартнома доирасида янги халқаро логистика йўналиши орқали муваффақиятли етказиб берилган.
Қайд этилишича, экспорт жараёнида аввал фойдаланиб келинган Эроннинг Бандар Аббос порти ишлатилмаган. Логистика оператори бўлган Туркиянинг «Gulf Cargo» компанияси янги йўналишни хавфсиз ва истиқболли деб баҳолаб, келгусида юкларни 15–20 кун ичида етказиб бериш мумкинлигини маълум қилган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси Ироқ орқали Қувайтга маҳсулот етказиб бериш имкониятларини ҳам ўрганмоқда. Шу мақсадда Ироқ Савдо вазирлиги, Савдо-саноат палаталари федерацияси ҳамда Курдистон минтақаси Савдо-саноат палаталари федерацияси билан музокаралар ўтказилган.
Бундан ташқари, Форс кўрфазидаги геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Эрон ҳудуди орқали муқобил логистика йўналишларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам таҳлил қилинмоқда.
Сурия йўналишида ҳам илк натижалар қайд этилган. Жорий йил май ойида Ҳалаб шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи ва дистрибюторлик маркази иш бошлагач, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан янги экспорт шартномалари имзоланган.
Натижада Ўзбекистондан Сурияга илк бор ўсимлик ёғи, кир ювиш воситалари ҳамда маиший электр жиҳозларининг дастлабки партиялари экспорт қилинди. Импортёрлар маълумотига кўра, маҳсулотларни Туркия орқали Сурияга етказиб бериш муддати 10–15 кунни ташкил этмоқда.
Мутасаддилар таъкидлашича, янги транспорт-логистика йўлаклари миллий маҳсулотларни Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига узлуксиз ва рақобатбардош шароитларда етказиб беришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter