Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкент Боку билан инвестициявий ҳамкорлик йўналишини чуқурлаштирмоқда: Илҳом Алиев ташрифи якунлари

Тошкент Боку билан инвестициявий ҳамкорлик йўналишини чуқурлаштирмоқда: Илҳом Алиев ташрифи якунлари

23 август куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Бу унинг сўнгги беш йил ичидаги еттинчи ташрифидир. Бу сафар кун тартибидан нафақат сиёсий келишувлар, балки инвестициявий ҳамкорликни амалий жиҳатдан кенгайтириш масалалари ҳам муҳим ўрин эгаллади.

Ташриф якунлари бўйича томонлар икки томонлама муносабатларнинг янги йўл харитасини тасдиқладилар, 2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадини белгиладилар ҳамда Озарбайжон капитали иштирокидаги қатор лойиҳаларни ишга туширдилар.

Тошкентда, шунингдек, Озарбайжон ва Ўзбекистон Олий давлатлараро кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида томонлар ҳужжатлар тўпламини имзоладиларҳамда янги лойиҳаларнинг очилиши ва уларга тамал тошиқўйилиши маросимида онлайн форматда иштирок этдилар.

Келишувлардан лойиҳаларга

Озарбайжон капитали иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган қарийб ўнта объектнинг очилиш маросими ва уларга тамал тоши қўйиш тадбирлари ўтказилди. Улар орасида банк сектори, саноат, энергетика, туризм ва агросаноат йўналишларидаги лойиҳалар бор. Жумладан, Озарбайжон Халқаро банки (АББ) 100 миллион доллар эвазига Давр Банк акцияларининг 51 фоизини сотиб олди.

Бундан ташқари, «Матанат-А» гипс заводи лойиҳаси, SOCAR автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ривожлантириш, соҳил бўйида турар жой ва курорт мажмуасини барпо этиш, таркибида кумуш бўлган рудани бойитиш фабрикаси ҳамда мевали боғлар барпо этишга қаратилган агролойиҳа тақдим этилди. Шу тариқа, икки мамлакатнинг инвестициявий кун тартиби аста-секин алоҳида келишувлар доирасидан чиқиб, янада кенг қамровли лойиҳа йўналишига эга бўлмоқда.

Шу нуқтайи назардан, қўшма инвестицияларни бевосита қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган механизм — Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси (AUIC) ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Инвестициявий ҳамкорлик воситаси

Икки томонлама инвестицияларнинг асосий воситаларидан бири Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси (AUIC) бўлиб қолмоқда. Бу устав капитали 500 миллион долларни ташкил этувчи қўшма фонд ҳисобланади. Унинг вазифаси Ўзбекистон ва Озарбайжондаги лойиҳаларни молиялаштириш орқали икки мамлакат ўртасидаги тўғридан-тўғри инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат. Ташриф давомида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев AUICни Озарбайжоннинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигидаги шу каби форматлар орасида «энг самарали ва натижага йўналтирилган» фонд деб атади.

“Озарбайжоннинг турли мамлакатлар билан шунга ўхшаш ҳамкорлик форматлари мавжуд. Аммо, мен айтган бўлардимки, энг самарали ва натижага йўналтирилган фонд айнан Ўзбекистон-Озарбайжон фондидир”, — деди Илҳом Алиев.

Президентнинг сўзларига кўра, AUIC капиталининг 500 миллион долларидан қарийб 160 миллион доллари аллақачон лойиҳалар ўртасида тақсимланган. Шундай қилиб, AUIC капиталнинг ягона манбаи эмас, балки икки мамлакатнинг кенгроқ инвестициявий кун тартибидаги воситалардан биридир.

AUIC портфели қандай шаклланмоқда?

Компания бош директорининг ўринбосари Сардор Ҳабибуллаевнинг сўзларига кўра, тасдиқланган битимлар аллақачон фонд капиталининг қарийб учдан бир қисмини қамраб олган:

“Тасдиқланган битимлар фонд капиталининг қарийб учдан бир қисмини қамраб олмоқда. Янги лойиҳаларнинг асосий қисми икки иқтисодиёт манфаатлари энг яққол кесишадиган соҳаларда шаклланмоқда — саноатни маҳаллийлаштириш ва логистика йўналишларидан тортиб, рақамли инфратузилма, таълим ва чакана савдогача”.

Келгусида компания Ўзбекистон ва Озарбайжонда йилига 15 тагача битимни амалга ошириш орқали инвестициявий фаоллигини янада оширишни режалаштирмоқда.

Низомжон Исломов тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг