Мирзиёев ўқувчи ва ўқитувчиларни Билимлар куни билан табриклади
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактаблари ўқувчилари ва устоз-мураббийларига Билимлар куни муносабати билан табрик йўллади.
Давлат раҳбари янги ўқув йили мамлакат мустақиллигининг 35 йиллик байрами билан уйғун ҳолда бошланаётганини қайд этди.
Президентнинг маълум қилишича, бу йил 800 минг нафарга яқин ўғил-қиз мактаб остонасига илк бор қадам қўймоқда.
Шавкат Мирзиёев кейинги йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида мактабларнинг қиёфаси ва таълим сифати ўзгариб бораётганини таъкидлади.
Президент мактаб битирувчилари пухта билим билан бирга камида битта замонавий касб-ҳунарни эгаллаб чиқиши учун шароит яратилишини билдирди. Бунинг учун ҳудудларда «Касблар шаҳарчалари» ташкил этилиб, замонавий тажриба ва малакали мутахассислар жалб қилинади.
Давлат раҳбари ўқувчиларни замонавий илм-фан, инновациялар, касб-ҳунарлар, она тили, тарих ва маданиятни пухта ўрганишга, шунингдек, хорижий тилларни эгаллашга чақирди.
«Умр йўлларингизда пайдо бўладиган мураккаб саволларнинг ечими, синов ва машаққатларни енгиб ўтишнинг кафолати ҳам фақат билим, билим ва билимдир», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ўқувчиларга янги ўқув йилида муваффақият, сиҳат-саломатлик ва зафарлар тилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter