Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТни 2040 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТни 2040 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1 сентябр куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорлик, сунъий интеллект, транспорт, энергетика, иқлим ўзгариши ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев, аввало, Қирғизистон президенти Садир Жапаровга саммитни юқори даражада ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ва қирғиз халқини давлат суверенитетининг 35 йиллиги билан табриклади.

Президент ШҲТ ташкил этилганига 25 йил тўлганини қайд этиб, ташкилот ўтган чорак аср давомида ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этганини таъкидлади. Ўзбекистон ШҲТни очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида ривожлантиришни қўллаб-қувватлаб келаётганини айтди.

Мирзиёев халқаро майдонда геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ва можаролар кучайиб бораётганини қайд этиб, Яқин Шарқдаги вазиятдан алоҳида хавотир билдирди.

«Биз минтақада мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз», — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ олдида турган долзарб вазифалар билан бирга, ташкилотнинг узоқ муддатли истиқболини ҳам аниқ белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон «ШҲТ — 2040: умумий тараққиёт макони» концептуал қарашини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, мамлакатлар, бизнес ва аҳоли ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши керак. Президент ШҲТ давлатларининг улкан инсон, табиий, ишлаб чиқариш ва интеллектуал салоҳияти, аввало, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилиши лозимлигини билдирди.

Ўзбекистонда ШҲТ давлатлари билан биргаликда 1500 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортиб бораётгани қайд этилди. Мирзиёев бу динамикани кўп томонлама қўшилган қиймат занжирларини ривожлантиришга йўналтириш зарурлигини таъкидлаб, махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шунингдек, ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга туширишга ўтиш зарурлиги билдирилди. Ташкилотнинг Ҳукумат раҳбарлари кенгашига транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш вазифасини бошлаш таклиф этилди.

Президент Хитой Раиси Си Цзинпиннинг сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик бўйича бутунжаҳон ташкилотини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

«Ўйлайманки, ШҲТ ушбу янги технологик альянснинг биринчи ҳамкорлари қаторида бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш бўйича қарор қабул қилишни таклиф қилди. Бундан ташқари, келгуси йили Тошкентда ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёр эканини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгариши мамлакатларнинг озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигига тобора кўпроқ таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Шу сабабли ШҲТ доирасида ушбу йўналишлар бўйича ягона кун тартибини шакллантириш ва махсус механизм ташкил этиш таклиф қилинди. Шунингдек, 2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Президент халқаро транспорт йўлакларининг кенг тармоғини шакллантиришни давом эттириш муҳимлигини таъкидлаб, ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконларини интеграция қилиш бўйича кенгаш таъсис этишни таклиф қилди.

Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш минтақавий хавфсизлик ва тараққиёт учун муҳим экани қайд этилди.

««Барчамизга яратувчан минтақавий жараёнларга интеграциялашган, фаровон қўшни мамлакат керак», — деди Президент.»

Мирзиёев ШҲТнинг Афғонистон билан хавфсизлик ва иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини билдирди.

Президент, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорлик ШҲТнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишини таъкидлади. Халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида 2028–2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Нутқининг якунида Шавкат Мирзиёев Покистоннинг ШҲТга раислик қилишдек масъулиятли вазифани қабул қилиб олгани муносабати билан Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифга билдирилган табрикларга қўшилди.

Президент Ўзбекистон бундан буён ҳам минтақа барқарорлиги ва тараққиёти йўлида ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёр эканини таъкидлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг