Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энг кўп истеъмол қилинадиган гўшт тури маълум бўлди

Энг кўп истеъмол қилинадиган гўшт тури маълум бўлди

Фото: iStock

Товуқ дунёда энг кўп истеъмол қилинадиган гўшт манбаига айланди. 2006 йилдан 2023 йилгача жаҳонда товуқ етиштириш ҳажми камида 1,5 баробар ошди, деб хабар берди Financial Times.

2023 йилда жаҳон бўйича етиштирилган товуқлар сони 76,2 миллиардга етган — 2006 йилда бу кўрсаткич 48,3 миллиардга тенг эди. Товуқ гўштига талаб, айниқса, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка ва Европада юқори. Хитой ва АҚШ жаҳонда товуқ гўштига бўлган талабнинг учдан бир қисмини таъминламоқда. БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда товуқ гўшти ишлаб чиқариш ҳажми биринчи марта чўчқа гўштини ортда қолдирган.

XXI асрда товуқ гўшти кўпчилик учун оқсилнинг асосий манбаларидан бирига айланди. Бунинг сабаблари — товуқни боқиш осон ва нисбатан арзон, унинг гўшти исталган миллий ошхона, диний талаблар ва ҳар хил даромад олувчилар даражасига мослашувчан.

Товуқ гўшти жаҳон бозоридаги савдо тизимига ҳам жуда мос келади. Паррандани қисмларга ажратиб, ҳар бир қисмини талаб юқори ва қимматроқ сотиладиган бозорга чиқариш мумкин. Масалан, товуқ панжалари Ғарб мамлакатларидаги супермаркетларда унчалик харид қилинмайди, аммо Хитойда уларга талаб жуда юқори.

Мутахассисларнинг фикрича, товуқ гўштига бўлган талаб ҳали яна ўсади. «Биз энг юқори нуқтага етишимизга ҳали анча бор», — деди Канзас университети қишлоқ хўжалиги иқтисодчиси Глинн Тонсор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг