Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Табиат икки дўстидан айрилди...

Табиат икки дўстидан айрилди...

фото:хаbar.uz

Болалигимда қарғага умуман эътибор бермасдим. Чунки у мен учун шунчаки қағиллаб учиб юрадиган, ҳеч қандай қизиғи йўқ оддий қора қуш эди-да. Унинг ҳам ўз дунёси, ўз одатлари, ҳатто феъл-атвори борлиги хаёлимга ҳам келмаган.

Бу қушга қачон меҳрим тушди?

Тахминан уч йиллар аввал Гоша исмли қарға билдан интернетда танишдим. Унинг эгаси Александр Чугайнов Гошанинг одатлари, қилиқлари, одам билан муносабатини видеоларда кўрсатар, мен эса кундан-кунга Гошага боғланиб борардим ва ўзим билмаган бир ҳақиқатни кашф қилдим, қарға шунчаки қағиллайдиган қора қуш эмас...

Александр Гошани 2020 йилда ўрмондан топиб олади. У жуда кичик ва ёрдамга муҳтож қарға боласини уйига олиб келиб парвариш қилади, кейин эса Гошанинг ўсиши, феъл-атворини камерага ола бошлайди. Видеолар тарқалди, Гоша миллионлаб одамларнинг энг қадрли жонзотига айланди.

Фото: очиқ интернет манба

Бундан бир ҳафта олдин ижтимоий тармоқларда тарқалган унинг вафоти ҳақидаги хабарни ўқиганимда нафақат мен, унинг юзлаб обуначилари қайғурди.  

Ижтимоий тармоқларда бирор блогернинг вафоти ҳақида хабар тарқалса, уни ҳаётлигида кузатмаганлар ҳам саҳифасига киради. «Ўзи ким экан? Нима қиларди? Одамларга қандай фойдаси теккан?» деб қизиқади. Баъзида саҳифани айлантириб, ҳеч нарса тополмай чиқиб кетасиз. Машҳурлик бор, кўришлар сони миллион-миллион, аудитория бор. Аммо у аудиториясига нима берган деган саволга жавоб тополмайсиз.

Лекин шундай инсонлар борки, уларнинг қадри айнан кетганидан кейин янада билинади. Уларни одамлар шунчаки «яхши блогер эди» деб эмас,  нимадир қолдириб кетгани учун эслайди. Александр Чугайнов ана шундай инсонлардан эди. У одамларга қарғани тамоман бошқача ракурсда кўрсата олди. У қарға ҳақида китоб ёзмади, ҳеч қаерда маъруза қилмади, балки қуш билан самимий дўстлигини кўрсатди.

Бу йил ростдан ҳам табиат учун, уни севганлар учун жуда оғир келди. Июль ва август ойларида табиат ўзини одамларга англашга ундаган икки дўстидан айрилди.

Александрдан олдинроқ июль ойида германиялик 45 ёшли зоолог Лидия Мёклингхофф ҳаётдан кўз юмди. У Бразилиядаги Пантанал ботқоқликларида майдон тадқиқотларини олиб бораётганда, Кампо-Гранде яқинида самолёт ҳалокатига учради. Лидиянинг тун-кун меҳр берган дунёси катта чумолихўрлар билан боғлиқ эди.

Катта чумолихўрни биринчи кўрган одам унинг қандай жонзот эканини бир қарашда англолмаслиги мумкин. Узун, трубкасимон тумшуғи, майда кўзлари, узун тили ва бақувват тирноқлари билан у кўпчилигимиз учун шунчаки ғалати ва кулгили экзотик ҳайвон бўлиб қолиши мумкин эди. Агар Лидиядек блогер бўлмаганида...

Фото: очиқ интернет манба

Лидия 2009 йилдан бери ҳар йили Бразилияга бориб, бу кам ўрганилган жонзотларни тадқиқ қилди. Илмий ишларидан ташқари, ўзининг подкастлари ҳамда радиодаги чиқишлари орқали чумолихўрни бутун дунёга танитди. Айниқса, радиоэшиттиришлари орқали болаларга табиатни шунчаки «чиройли расм» сифатида эмас, балки меҳнат, қидирув ва ҳақиқий жонли ҳаёт сифатида тушунтирди. Лидия чумолихўрга инсоннинг меҳрини ва эътиборини олиб келди.

Уларнинг саҳифалари орқали одамлар қолдираётган изоҳларни ўқир экансиз, шу аснода жуда катта ҳақиқатни англайсиз. У ерда шунчаки совуқ таъзияномалар эмас, самимий қалб оғриқлари ва миннатдорлик ёзилган: «Мен Александр орқали қарғаларни яхши кўриб қолгандим...», «Мен Лидия орқали чумолихўр деган жонзотга меҳр қўйгандим...», «Наҳотки шундай одамлар ўтиб кетса? Ахир улар шунчалар фойдали, жонли ва керакли контент олаётган эди-ку!»

Нега улар учун одамлар қаттиқ қайғуришмоқда?  

Чунки бу икки инсоннинг блогида айтадиган сўзи, йўналиши бор ҳақиқий блогер эди. Улар одамларнинг вақтини ўғирлаб бўлар-бўлмас видео контент яратмади, ҳар қанақа йўл билан бўлсада обуначи йиғишга ҳаракат қилмади. Улар одамларга янгича нигоҳ, бошқача меҳр  орқали табиат билан дўстлашишни ўргатди.

Александр ва Гоша ўртасидаги дўстлик туфайли кейинчалик бошқалар ҳам қарғаларга меҳр кўрсатишни, улар ҳақида контент олишни бошлади.

Лидия биз яхши танимаган чумолихўрни тушунишга, севишга ундади. Лидия туфайли ҳеч ким эътибор бермаган бошқа жонзотлар ҳақида видеолар кўпайди.

Бу икки блогернинг ишида бир умумийлик бор эди: табиат билан одам ўртасида самимий кўприк бўлиш. Энди уларнинг саҳифаларида янги видеолар пайдо бўлмайди. Аммо янги изоҳлар, янги эътирофлар пайдо бўлишда давом этяпти. Ҳар сафар уларнинг саҳифасига кирганимда, кечаги изоҳлар орасида яна бир янги хотирани кўраман. Кимдир уларнинг саҳифасига янги видео излаб кирганини, кимдир қайғуга ботганини ва яна кимдир «мен ҳам шу инсон сабаб табиатни севдим» деб ўз ҳикоясини ёзиб қолдиради.

Шунда ўйладим, инсоннинг умри юраги уришдан тўхтаган куни тугайдими? Ёки у кимнингдир нигоҳини, қалбини ўзгартирган бўлса, ўша инсонларнинг меҳрида яшашда давом этадими?

Агар инсон атрофидагиларга меҳр улаша олган бўлса, умр ҳеч қачон тугамайди.

Улар табиатни шунчаки суратга олишмади, улар табиатнинг тилини одамларга таржима қилиб беришди. Ва аслида ҳақиқий қаҳрамонлик ҳам шу: бу дунёдан кетганингдан кейин ҳам кимнингдир нигоҳида, кимнингдир меҳрида яшаб қолиш.

 

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг