«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилади
«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлаш тўғрисида»ги Президент фармони эълон қилинди.
Фармон матнида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан иродаси ва бунёдкорлик салоҳияти билан истиқлол даврида босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли миллий тараққиёт йўлимизнинг ёрқин кўзгусидир. Айни вақтда ушбу сана сўнгги ўн йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида эришаётган том маънодаги тарихий ютуқларимизни ҳар томонлама таҳлил қилиб, келгуси режаларимизни янада аниқ белгилаб олишда муҳим ўрин тутадиган, эл-юртимизни янги марралар сари илҳомлантирадиган буюк сиёсий-ижтимоий аҳамиятга молик воқеадир.
Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, инсон қадрини улуғлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш борасидаги туб ислоҳотлар жараёнида меҳнаткаш, мард ва олижаноб юртдошларимиз ўзининг куч-ғайрати, истеъдод ва маҳорати, билим ва тажрибаси ҳамда эзгу ташаббуслари билан фаол иштирок этмоқда. Уларнинг эл-юрт олдидаги муносиб хизматларини, ибратли фазилатларини юксак қадрлаш ва рағбатлантириш кўпмиллатли жамиятимиз аъзолари, айниқса, ёш авлод қалбига Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини сингдиришда, ҳеч шубҳасиз, беқиёс ўрин тутади.
Фармонга кўра, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ошириш, тадбиркорлик ва хусусий секторни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли фаровонлигини, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ислоҳотлар самарасини таъминлашда жонбозлик кўрсатиб келаётган, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, юртимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларимиз “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа марказий идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган рўйхатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиб тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, вазирлик ва идоралар, жамоат бирлашмаларининг республика органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа мутасадди раҳбарлар “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонларини Мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан тантанали вазиятда топширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter