Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Авариялар сабаб айрим бошқармаларда газ қазиб чиқариш камайган – Ўзбекнефтгаз

Авариялар сабаб айрим бошқармаларда газ қазиб чиқариш камайган – Ўзбекнефтгаз

«Ўзбекнефтгаз» АЖ тизимидаги айрим бошқармаларда август ойида содир бўлган авариявий ҳолатлар оқибатида табиий газ қазиб чиқариш ҳажми камайган. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида ўтказилган ишчи йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда қайд этилишича, авариялар нафақат табиий газ, балки газ конденсати ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

Шу билан бирга, Газли ва Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида август ойида авариявий ҳолатлар деярли қайд этилмаган. Бу технологик қурилмалар, электр таъминоти, назорат-ўлчов асбоблари ва автоматик тизимлардаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар натижаси экани таъкидланган.

Абдуғани Сангинов газ қазиб чиқаришдаги табиий пасайишни қоплаш учун қўшимча газ оқимлари олинаётган бир пайтда авариялар умумий натижаларга салбий таъсир кўрсатаётганини билдирган.

Бошқарув раиси авария содир бўлганидан кейин уни бартараф этиш эмас, балки бундай ҳолатларнинг олдини олиш устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Масъулларга келгуси ойда авариявий ҳолатларни кескин камайтириш, ҳаво совиб кетгунига қадар барча профилактика ва таъмирлаш ишларини якунлаш бўйича топшириқлар берилган.

Йиғилишда газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 1–24 август кунлари 8 та қудуқда бурғилаш ишлари якунланиб, уларнинг 7 таси ишга туширилган. Натижада кунига қўшимча 1,7 млн куб метр газ қазиб чиқариш имконияти яратилган. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг