Centrum Air'дан янги лойиҳа: илк самолётга Амир Темур номи берилди
Centrum Air авиакомпанияси тарихий ва маданий қадриятларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббус бошланганини эълон қилади. Мазкур лойиҳа доирасида авиакомпания ҳаво кемаларига буюк тарихий шахсларнинг номлари берилади.
Ушбу ташаббус доирасида ном берилган биринчи ҳаво кемаси UK32070 рўйхат рақамига эга Airbus йўловчи самолёти бўлади. Унга буюк давлат арбоби ва саркарда — Амир Темур номи берилади. Мазкур танлов рамзий маънода буюк аждодимизнинг таваллуд айёмига тўғри келади.
Мазкур ташаббус тарихий меросни оммалаштиришга қаратилган бўлиб, аждодларимиз тарихи ва уларнинг ҳиссасига ҳурматни акс эттиради ҳамда компания қадриятлари ва маданий миссиясининг муҳим қисми ҳисобланади.
Амир Темур тарихга буюк саркарда ва давлат арбоби сифатида кирган бўлиб, унинг даврида Самарқанд илм-фан, маданият ва савдо-сотиқнинг муҳим марказига айланган, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги халқаро алоқалар эса фаол ривожланган. Бугунги кунда авиация кўп жиҳатдан айнан шу миссияни давом эттириб, мамлакатларни боғламоқда, халқаро алоқалар ва маданий алмашинувни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Centrum Air асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдурахманов шундай деди:
«Тарихимиздаги буюк шахслар маданиятларни бирлаштиргани, савдо-сотиқни ривожлантиргани ва халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлагани каби авиация ҳам шаҳарлар ва мамлакатларни бирлаштиради. Самолётларимиздан бирига Амир Темур номининг берилиши — бу меросга бўлган ҳурмат белгиси, шунингдек, инсонларни бирлаштириш ҳамда янги уфқларни очиш миссиясини давом эттираётганимиз рамзидир».
Мазкур ташаббус доирасида холдингнинг барча 25 та ҳаво кемасига, жумладан, My Freighter юк авиакомпанияси флотига ҳам улуғ тарихий шахсларнинг номлари берилади. Самолётлар давлатчилик, фан, маданият ва халқаро алоқалар ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз номлари билан аталади. Шу тариқа Centrum Air мамлакатнинг бой тарихий меросини халқаро майдонда танитиб, ўзига хос маданий миссияни амалга оширади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter