Экополиция ишламоқда – Тошкент ҳавосига зарар етказаётган 18 та объект фаолияти вақтинча тўхтатилди
24 ноябрь куни кечки 19:00 дан сўнг мамлакатимизда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли экологик назорат тадбирлари амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан ташкил этилган экологик назорат тадбирлари Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида тузилган 4 та тезкор гуруҳ томонидан амалга оширилди.
Тадбирлар қўшимча равишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар идоралари ходимлари ҳам жалб қилиниб, уларнинг фаолияти мувофиқлаштириб борилди.
Рейд давомида жами 103 та корхона ва иқтисодий фаолият юритувчи объектлар текширилиб, уларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига қай даражада риоя қилаётгани ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жами 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонун талабларини бузган 18 та объект фаолияти 10 кунга вақтинча тўхтатилди.
Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter