Фаол фуқароларга махсус мақом бериш ва уларни рағбатлантириш режалаштириляпти
Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақомини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақдаги Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатга кўра, фуқароларнинг ижтимоий фаоллиги қуйидаги бешта мезон асосида баҳоланади:
- «Яшил макон» лойиҳаларида иштирок этиш;
- Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилиш;
- Оилавий низоларни ҳал этишда жамоатчи медиатор сифатида қатнашиш;
- Жамоатчилик ҳашарларида фаол иштирок этиш;
- Маҳалла ёшларига тил ва касб-ҳунарни бепул ўргатиш.
Ҳар бир йўналиш бўйича 20 баллгача, жами 100 балл тўплаш мумкин. Баҳолаш «1 соат — 1 балл» тамойили асосида амалга оширилади.
Шунингдек, «Фаол фуқаро» мақомини олганларга қуйидаги имтиёзлар берилиши режалаштирилмоқда:
- Давлат хизматлари йиғим ва тўловларига 10 фоиз чегирма (давлат божи бундан мустасно);
- Давлат олий таълим муассасасидаги контракт тўловининг 5 фоизини қоплаш;
- Автокредит бошланғич бадалининг 3 фоизини қоплаш (20 БҲМдан ошмаган миқдорда).
Шунингдек, фуқаролар «Фаол фуқаро» нишони билан тақдирланиб, хонадонларига махсус белги ўрнатилади.
Мақомни олиш учун давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz орқали мурожаат қилиш мумкин бўлади. Жараёнлар «Рақамли маҳалла» платформасида амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат ҳозирча лойиҳа бўлиб, ундаги имтиёзлар кучга кирмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter