Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иссиқ ҳавода қандай ҳимояланамиз? – мутахассислар муҳим тавсиялар берди

Иссиқ ҳавода қандай ҳимояланамиз? – мутахассислар муҳим тавсиялар берди

Сўнгги кунларда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, айрим ҳудудларда рекорд даражалар қайд этилмоқда. Мутахассислар иссиқ ҳаво таъсирида организмнинг қизиб кетиши (иссиқ уриши) тез ва сезилмасдан ривожланиши мумкинлигини таъкидлаб, эҳтиёт чораларига амал қилишга чақирмоқда.

Шифокорларнинг тавсиясига кўра, иссиқ кунларда чанқоқ ҳисси пайдо бўлишини кутмасдан, кун давомида мунтазам сув ичиш лозим. Организм сувсизланиши бош оғриғи, ҳолсизлик, бош айланиши ва ҳушдан кетишгача олиб келиши мумкин.

Тушлик пайтида, айниқса соат 11:00 дан 17:00 гача имкони борича тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида юрмаслик, сояда ёки салқин хоналарда бўлиш тавсия этилади. Енгил, оч рангли ва табиий матодан тикилган кийимлар кийиш ҳам организмни қизиб кетишдан ҳимоя қилади.

Мутахассислар болалар ва уй ҳайвонларини ҳатто бир неча дақиқага ҳам ёпиқ автомашинада қолдирмаслик кераклигини алоҳида таъкидламоқда. Чунки ҳаво ҳарорати 30–35 даража атрофида бўлганида ҳам автомашина ичидаги ҳарорат 10–20 дақиқа ичида 50–60 даражагача кўтарилиши мумкин.

Иссиқ уришининг дастлабки белгиларига бош айланиши, кўнгил айниши, кучли чанқоқ, тезлашган юрак уриши, тери қизариши ва умумий ҳолсизлик киради. Бундай ҳолат кузатилса, инсонни дарҳол салқин жойга олиб ўтиш, ортиқча кийимларини бўшатиш, бўйин, қўлтиқ ва сон соҳасига совуқ компресс қўйиш ҳамда сув бериш тавсия этилади.

Агар одамнинг аҳволи яхшиланмаса, ҳушини йўқотса ёки нафас олиши қийинлашса, зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур.

Шифокорлар иссиқ ҳавода кекса ёшдагилар, болалар, ҳомиладор аёллар ҳамда юрак-қон томир ва қандли диабет каби сурункали касаллиги бор инсонлар алоҳида хавф гуруҳига киришини таъкидламоқда. Уларга куннинг энг иссиқ пайтларида уйдан чиқмаслик, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш ва салқин жойларда бўлиш тавсия этилади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг