Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Жаҳонга очиқ Янги Ўзбекистон: дунё мамлакатларига интеллектуал саёҳат

Жаҳонга очиқ Янги Ўзбекистон: дунё мамлакатларига интеллектуал саёҳат

Мутолаа ва китобхонлик – инсоният цивилизацияси ва миллий ўзликни англашнинг фундаментал асосидир. Бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, дунё халқларининг илғор тажрибасини тадқиқ этиш халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришда муҳим роль ўйнайди.

Бугунги глобаллашув даврида, бир томондан жаҳонда анъанавий китобларга эътибор бир қадар сусайгани, иккинчи томондан  рақамли технологиялар асрида китобларнинг ахборот маконидаги ўрни ўзгараётганидан кўз юмиб бўлмайди. Аммо, шунга қарамай, инсоният учун босма китобнинг интеллектуал салоҳиятни оширишдаги ўрнини ҳеч қайси рақамли воситалар боса олмаслиги аниқ.

Айниқса, қомусий китобларни нашр этиш ва уларни ўқиш олам сирларини билиш, ғойибона кашф этиш учун жуда муҳим.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, cиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори ва таниқли журналист Лазиз Раҳматовнинг 1 минг 168 бетлик “Дунё мамлакатлари” номли асари ана шундай мақбул ва ва фойдали қомусий манбалар қаторидан жой олди.

Ушбу китоб илк бор 2019 йилда нашр этилган бўлиб, Янги Ўзбекистоннинг жаҳонга очиқлик сиёсатига оид  қўшимча маълумотлар билан, рангли расмлар ва ҳар бир давлат билан боғлиқ фактлар янада бойитилган ҳолда, 2026 йил май ойида янгидан нашр этилгани диққатга сазовор.

Бугунги кунда мамлакатимиз 170га яқин давлат билан дипломатик муносабатларни йўлга қўйган бўлиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, прагматик ва кенг қамровли ташқи сиёсати орқали ҳар бир давлат чуқурлашиб бораётган билан икки ва кўп томонлама муносабатлар муаллифлик призмасида китобда ўзининг муфассал ифодасини топади.

Таъкидлаш ўринлики, сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон жаҳон сиёсатининг оддий объекти эмас, балки том маънода фаол ва ташаббускор субъектига айланди.

Зеро, ХХ аср бошидан токи яқин-яқин даврларгача Ўзбекистон жаҳон сиёсати объекти бўлган ва унга нисбатан гоҳ гоҳ “яқин хориж”, гоҳ “хомашё базаси”, гоҳ эса “постсовет ҳудуди” каби беписанд “ёрлиқ”лар қўлланиб келингани сир эмас.

Кейинги ўн йилда Давлат раҳбарининг қатъияти ва сиёсий иродаси натижасида нафақат кенг минтақамизда, балки жаҳон сиёсатида баланд овози ва ҳаётбахш ташаббуслари билан катта обрў-эътиборга эга бўлиб бормоқда.

Янги Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга иқлимни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётни жорий этиш, фуқаросизликка барҳам бериш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш каби турли соҳаларда янги ғоя ҳамда лойиҳаларни тақдим этаётган жаҳон сиёсатининг фаол актори ҳисобланади.

Мамлакатимиз 2025 йилда Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси, ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити, халқаро Иқлим форумига мезбонлик қилди. Жорий йилда Янги Ўзбекистон ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик муносабатлари тарихи янгидан-янги ёрқин саҳифалар ҳисобига бойиб бормоқда.

Ўз навбатида, Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари” китобида Янги Ўзбекистон жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий муаммолар тобора авж олиб бораётган бугунги мураккаб вазиятда барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли ва конструктив муносабатларни янада мустаҳкамлаш, вазмин ва оқилона очиқ ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган фаолиятини янада юксак босқичларда изчил давом эттираётганига оид муҳим маълумотлар ҳам киритилган.

Ушбу салмоқли китобда жаҳондаги 236 та мамлакат ва ўзини ўзи бошқарувчи ҳудудлар ҳақидаги асосий маълумотлардан тортиб, бошқарув шакли, маъмурий бўлиниши, жойлашуви, табиати, тарихи ҳамда иқтисодиётига оид батафсил маълумотлар жамланган.

Глобал дунёда тобора авж олаётган беқарорликлар туфайли ҳар бир мамлакат ўз бошидан кечираётган турли синовлар, бошқарувга келган ҳукуматларнинг янгича сиёсатлари, ташқи сиёсати, Ўзбекистон билан ўзаро муносабатлари, эътиборга молик қизиқарли маълумотлар ҳам нашрга киритилгани унинг долзарблигини янада оширган. 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, энциклопедия ва қомусий луғатлар яратишнинг ўзига хос тамойиллари ва тартиб-қоидалари бор. Хусусан, холислик ва илмийлик тамойили маълумотлар муаллифнинг ижодий фикрлашидан холи, исботланган фактларга асосланган бўлиши шартлигини тақозо этади.

Лўндалик ва аниқлик тамойилига кўра, матн ортиқча бадиий бўёқларсиз, қисқа, тушунарли ва фактларга бой бўлиши лозим. Умумийлик ва қамров тамойилига асосан танланган мавзу доирасидаги барча муҳим жиҳатлар тўлиқ қамраб олиниши керак. Қолаверса, қомусий асар таркибидаги ҳар бир мақола мустақил маъно англатиши ва бошқаларига боғланиб қолмаслиги зарур.

Шу нуқтаи назардан, кўпинча муайян илмий институтлар ёки тегишли таҳририятлар жамоаси кенг сафарбар этиладиган бундай мураккаб ва масъулиятли илмий-ижодий жараёнларни биргина ижодкор ўз зиммасига олганиёқ улкан маърифий зафардир. Бунда муаллифни кўп сонли машҳур олимлардан иборат нуфузли таҳрир ҳайъати рағбатлантириб тургани, илмий ҳамжамият билан тизимли ишлагани диққатга сазовор.

Албатта, бу ўринда муаллифнинг турли йилларда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида илмий муҳаррир бўлиб ишлагани қўл келади, албатта.

Шундай қилиб, мазкур энциклопедияни чоп этишда замонавий матбаа-ноширлик салоҳиятидан самарали фойдаланилганини ҳам айтиш ўринлидир. Саҳифалардаги мингга яқин рангли расмлар, рельф хариталар, турфа байроқлар китобнинг кўркам ва ранг-баранг бўлишини таъминлаган. Ўқувчиларга фойдаланиш қулай бўлиши учун китоб илк бор электрон форматда ҳам тақдим этилаётгани, қўшимчасига танлов тарзида етказилгани жуда маъқул.

Ушбу бебаҳо хазина ҳар бир хонадон, ҳар бир меҳнат жамоасининг жавонини безайдиган асардир. Шу маънода хулоса ўрнида 2 та амалий таклиф билдириш билан кифояланамиз.

Биринчи таклиф: муаллифнинг ушбу энициклопедияни ҳар йили янгилаб бориш ниятини маъқуллаган ҳолда, келгусида нашрни муфассал “Кириш сўзи” билан тўлдириш муҳим, деб ўйлаймиз.

Иккинчи таклиф: янги энциклопедияни кенг тарқатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, жумладан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тизимига кирувчи 208 та ахборот-кутубхона марказига тақдим этилгани таҳсинга лойиқ. Лекин бу етарли эмас, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, қомусий китобни “Миллий китобхонлик ҳаракати” доирасида Олий таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Ёшлар агентлиги, Маънавият ва маърифат марказ билан барча олийгоҳлар, мактаблар ва маҳаллалар кутубхоналарига ҳам етказиб берилиши катта маърифий аҳамият касб этади, деган фикрдамиз.

Акмал Саидов, академик

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг