Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналистика учун долзарб бўлган китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Журналистика учун долзарб бўлган китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Журналистлар уюшмаси

2026 йил 28 апрел куни таниқли журналист ва олим Беруний Алимовнинг  «Журналистикада сунъий интеллект даври» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон журналистлар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва  «Ёшлар овози» газетаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тақдимот давомида мазкур қўлланманинг долзарблиги, унда илгари сурилган илмий ёндашувлар ҳамда сунъий интеллект технологияларининг бугунги медиа маконига таъсири кенг муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, рақамли трансформация шароитида журналистика тубдан ўзгариб, ахборот узатиш тезлиги, аудитория талаблари ва контент яратиш услублари янгича босқичга кўтарилмоқда. Китобда айнан шу жараёнлар чуқур таҳлил қилиниб, замонавий журналистика олдида турган янги вазифалар ёритилган. Муаллиф сунъий интеллект имкониятларини кенг очиб берар экан, унинг журналист фаолиятидаги ўрни, контент яратишдаги роли ва медиа соҳадаги трансформацияларни илмий асосда изоҳлайди.



Тадбирда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, таниқли олим ва журналистлар — Хуршид Дўстмуҳаммад, Файзулла Мўминов, Салим Дониёров, Амрулло Каримов,  «Ёшлар овози» газетаси бош муҳаррири Ҳамза Абдуллаев китобнинг илмий ва амалий аҳамиятига юқори баҳо бериб, уни нафақат назарий манба, балки кундалик фаолиятда фойдаланиш мумкин бўлган муҳим қўлланма сифатида эътироф этишди. Таъкидланганидек, китоб журналистлар, блогерлар, ПР мутахассислари ҳамда журналистика йўналишида таҳсил олаётган ёшлар учун долзарб билим манбаи бўлиб хизмат қилади.

Шундан сўнг  «Журналистикада сунъий интеллект даври» китоби муаллифи, филология фанлари доктори, журналист Беруний Алимов сўзга чиқиб, китобнинг юзага келиши ва нашрга тайёрлаш жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.

Муҳим жиҳатлардан бири шундаки, асарда сунъий интеллектнинг ижобий жиҳатлари билан бир қаторда, унинг эҳтимолий хавф-хатарлари ҳам эътибордан четда қолмаган. Хусусан, муаллиф муаллифлик ҳуқуқи, фактчекинг, ахборот хавфсизлиги, этик меъёрлар ҳамда журналист касбининг келажаги билан боғлиқ муҳим масалаларни кўтаради. Бу эса китобни нафақат назарий, балки таҳлилий ва амалий аҳамиятга эга манбага айлантиради.



Тадбирда, шунингдек, сунъий интеллектнинг матбуот, телевидение, радио ва интернет журналистикадаги ўрни, унинг глобал тенденциялар фонидаги ривожи ҳамда миллий журналистика учун яратаётган янги имкониятлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар сунъий интеллект технологиялари журналистика мазмунини ўзгартираётган бўлса-да, ижодкорлик ва инсон омили ҳар доим устувор бўлиб қолишини таъкидлади. Учрашув якунида иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилиб, китоб юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди. Бу эса мавзу атрофида очиқ ва мазмунли мулоқот шаклланганини кўрсатди.

Мазкур нашрни оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ҳамда журналист кадрларини тайёрлайдиган олий таълим муассасаларига етказиш режалаштирилган. Бу эса китобнинг кенг жамоатчилик орасида оммалашиши ва унинг амалий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг