Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кибермакон асосий тўқнашувлар майдонига айланди – Шавкат Мирзиёев

Кибермакон асосий тўқнашувлар майдонига айланди – Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига йўллаган мурожаатида кибертаҳдидлар ва халқаро ҳамкорлик аҳамиятини таъкидлади.

Давлат раҳбари бугунги кунда геосиёсий кескинлик кучайиб, қуролли можаролар авж олаётгани, трансмиллий таҳдидларнинг хусусияти эса тубдан ўзгариб бораётганига эътибор қаратди.

Президентнинг таъкидлашича, рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситаларининг ривожланиши янги имкониятлар билан бирга жиддий хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда.

«Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди», – дейилади мурожаатда.

Шавкат Мирзиёев террорчи ташкилотлар интернет платформаларидан радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни жалб этиш ва маблағ тўплаш мақсадида фойдаланаётганидан хавотир билдирди.

Айниқса, ёшлар бундай таъсирларга нисбатан заиф қатлам бўлиб қолаётгани қайд этилди. Бу жараёнлар миллатлараро ва динлараро тотувликка путур етказиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштириши мумкин.

Шу муносабат билан Президент хавф-хатарларга фақат улар юзага келганидан кейин муносабат билдириш эмас, балки таҳдидларни олдиндан аниқлаш, ахборот алмашиш ва миллий хавфсизлик салоҳиятини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.

«Ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди», – дейилади мурожаатда.

Давлат раҳбари ШҲТ доирасида махсус хизматларнинг яқин ҳамкорлиги янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтаришда муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган илк экспертлар мулоқотида ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этмоқда.

Президент форум иштирокчиларини хавфсизлик соҳасидаги амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олишга чақирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг