Маданият вазирлиги санъаткорларга нисбатан солиқ сиёсатини енгиллатишни сўраб чиқди
Маданият вазирлиги Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб санъаткорлар, бошловчилар ҳамда концерт-томоша соҳасида хизмат кўрсатувчи бошқа ижрочилар томонидан кўрсатиладиган ҳар бир хизматни «Солиқ» мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказишни ҳамда «бир хизмат – бир тўлов» тамойили асосида солиққа тортишни назарда тутган тартибни енгиллатишни сўраб чиқди.
Маданият вазирлиги, жумладан, вазирлик томонидан ҳужжат лойиҳасининг айрим бандлари юзасидан тегишли тартибда расмий эътирозлар киритилганига қарамасдан, ушбу лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйиб юборилганини айтади.
Қайд этилишича, вазирлик ҳужжат лойиҳасининг илк босқичида «қарор лойиҳасининг айрим бандларига енгилликлар киритиш, амалий қўллаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳанинг турли иштирокчилари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда қатор нормаларни янада аниқлаштириш бўйича» таклиф ва эътирозларини билдирган.
Шу билан бирга, вазирлик ушбу масалада жамоатчилик фикри, ижодкорлар ва соҳа вакилларининг таклифлари муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблашини билдирган.
«Вазирликнинг асосий мақсади бир томондан, соҳада шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, иккинчи томондан эса, ижодкорлар фаолияти учун барқарор, адолатли ва амалий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни сақлаб қолишдан иборат», – дейилади расмий муносабатда.
Маълумот учун, амалда 2022 йил 13 июлдаги «Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–168-сон Фармонига асосан мазкур тоифадаги шахслар учун даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган тартибда тўлаш механизми жорий этилган.
Ушбу тартибга асосан санъаткорлар ҳар ойда БҲМнинг бир баробаридан кам бўлмаган миқдорда (2026 йил 7 апрел ҳолатига 421 минг сўм, -таҳр.) ижтимоий солиқ тўлайди. Шунингдек, улар алоҳида йиллик даромадидан декларация асосида 12 фоиз миқдорида даромад солиғи ҳам тўлайди.
Шунингдек, ҳозирда концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш лицензияси учун давлат божлари:
- I рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида;
- II рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида;
- III рейтинг гуруҳи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида белгиланган.
Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар ва (ёки) таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар (ўқиш муддати давомида) лицензия учун давлат божини тўлашдан озод этилади.
Қолаверса, декларация асосида солиқ тўлашни танлаган ижрочилар учун йиллик умумий даромаднинг 30 фоизи миқдоридаги харажатлар тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаган ҳолда чегирилади. Тасдиқланган харажатлар суммаси умумий даромаднинг 30 фоизидан ошган тақдирда эса қўшимча равишда ушбу даромаднинг 10 фоизи миқдори чегирилади.
Лицензия олиш учун ундирилган давлат божи ва ижтимоий солиқ суммалари харажат сифатида қайд этилади ҳамда даромадлар таркибидан чегирилади.
Қатъий белгиланган миқдордаги солиқ тўлашни танлаган ижрочилардан эса даромад солиғи бир йилда бир марта қуйидаги миқдорларда ундирилади:
- I рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 2,7 млн сўм миқдорида;
- II рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,8 млн сўм миқдорида;
- III рейтинг гуруҳи ижрочиларидан 1,0 млн сўм миқдорида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter