Ноябр ойида эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилади
Президентнинг 2026 йил 28 октябрдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–236-сон фармони қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, 2026/2027 йилги иситиш мавсумида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида айрим оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилади.
Хусусан, ушбу маблағлар Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга ажратилади.
Шунингдек, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида реестрга киритилмаган, бироқ ижтимоий-иқтисодий ҳолати бўйича белгиланган мезонларга мос келадиган оилалар ҳам ёрдам олиши мумкин.
Бунда оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан ошмаслиги лозим.
Марказлаштирилган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар учун алоҳида мезонлар белгиланган. Унга кўра, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан, Тошкент шаҳрида эса уч бараваридан ошмаслиги керак.
Бундан ташқари, туман ва шаҳар штаблари қарорига асосан, даромади белгиланган мезонлардан юқори бўлса-да, ижтимоий ҳимояга муҳтож деб топилган айрим оилаларга ҳам моддий ёрдам ажратилиши мумкин.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи фуқаролар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшаётган оилалар ҳам ушбу ёрдамдан фойдаланади.
Бир марталик 1 миллион сўмлик моддий ёрдам 2026 йил ноябр ойида ажратилиши белгиланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter