Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Октябр ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди

Октябр ойида инфляция 0,6 фоизни ташкил этди

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2026 йил октябр ойида йиғма истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 100,6 фоизни ташкил этди. Бу 2025 йил октябр ойидаги кўрсаткич билан бир хил.

2026 йил январ–октябр ойларида истеъмол нархлари 4,8 фоизга, йиллик ҳисобда эса 6,5 фоизга ошган. 2025 йилнинг мос даврида бу кўрсаткичлар тегишлича 5,7 ва 7,8 фоизни ташкил этган.

Мева-сабзавот маҳсулотлари нархлари ҳисобга олинмаганда, октябр ойида йиғма ИНИ 0,5 фоизга ошган. 2026 йилнинг январ–октябр ойларида ўсиш 6,1 фоизни, йиллик ҳисобда эса 6,8 фоизни ташкил этган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида бир ойда тухум 5,2 фоизга, қўй гўшти 1,4 фоизга, суякли мол гўшти 1,2 фоизга, қийма 1,1 фоизга, суяксиз мол гўшти 0,9 фоизга қимматлашган. Товуқнинг болдир ва сон қисмлари нархи 1,6 фоизга, бутун товуқ 1,2 фоизга, балиқ ва бошқа денгиз маҳсулотлари 1,4 фоизга, сут 1 фоизга, олий навли буғдой унидан тайёрланган нон 0,7 фоизга ошган.

Аксинча, шакар нархи ўртача 2,2 фоизга пасайган. Мева-сабзавотлардан лимон 15 фоизга, узум 7,5 фоизга, олма 3 фоизга, банан 1,3 фоизга арзонлашган. Бодринг ва бақлажон нархи 9 фоиздан, помидор 8,8 фоизга, булғор қалампири 8,7 фоизга, картошка эса 5,3 фоизга қимматлашган.

Коммунал хизматлардан Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида совуқ сув таъминоти ҳамда канализация тарифлари ошган. Республика бўйича бу хизматлар нархи бир ойда ўртача 4,7 фоизга кўтарилган. Аҳоли учун кўмир 0,3 фоизга, ўтин эса 0,5 фоизга қимматлашган.

Транспорт соҳасида бензиннинг ўртача истеъмол нархи октябр ойида 1 фоизга, пропан 0,4 фоизга ошган. Метан нархида ўзгариш кузатилмаган. Йиллик ҳисобда бензин 19,5 фоизга, пропан 44,7 фоизга, метан эса 10 фоизга қимматлашган.

Бензин маркалари кесимида AI-92 нархи 0,5 фоизга, AI-95 2,6 фоизга, AI-98 ва AI-100 5,3 фоизга ошган. AI-92 бензинининг бир литри 10 500 сўмдан 18 000 сўмгача, AI-95 13 500 сўмдан 21 500 сўмгача, AI-98 ва AI-100 эса 16 500 сўмдан 28 000 сўмгача бўлган. Пропаннинг бир литри учун юқори нарх чегараси 10 000 сўмни ташкил этган.

Тошкентда янги тарифлар жорий этилиши муносабати билан метрополитенда йўл ҳақи 26,1 фоизга ошган. Пойтахт автобусларида тарифлар кўтарилиши натижасида республика бўйича шаҳар автобусларида йўловчи ташиш хизматлари нархи ўртача 7,1 фоизга, Тошкентда эса 26,1 фоизга қимматлашган. Такси хизматлари республика бўйича 1,3 фоизга, пойтахтда 2,5 фоизга ошган.

Шу билан бирга, ички авиақатновлар тарифлари 1,4 фоизга арзонлашган, халқаро йўналишларда эса 0,7 фоизга қимматлашган. Шаҳар атрофидаги поездларда йўл ҳақи 1,4 фоизга, узоқ масофали поезд чипталари нархи 0,6 фоизга ошган.

Таълим хизматлари орасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўловлари 0,6 фоизга, нодавлат мактаблар 0,5 фоизга, нодавлат олий таълим муассасалари хизматлари 0,1 фоизга қимматлашган. Давлат таълим муассасалари хизматлари нархида ўзгариш бўлмаган.

Репетиторлик хизматлари нархи бир ойда 1,6 фоизга, хорижий тилларни ўрганиш курслари тўловлари эса 0,8 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда бу хизматлар нархи тегишлича 6,3 ва 5,3 фоизга қимматлашган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг