Ўзбекистон аэропортлари портловчи моддаларни сезувчи ускуналар билан жиҳозланади
Ўзбекистоннинг барча халқаро аэропортларида авиахавфсизликни кучайтириш мақсадида янги авлодга мансуб замонавий ускуналар ўрнатилади.
«Uzbekistan Airports» акциядорлик жамияти маълум қилишича, АҚШ ҳукумати мамлакатга 12 дона LEIDOS газ анализаторини бепул тақдим этди. Лойиҳа АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Транспорт хавфсизлиги маъмурияти (TSA) билан ҳамкорликда, Экспорт назорати ва чегара хавфсизлиги (EXBS) дастури доирасида амалга оширилган.
Мазкур ускуналар юклар, почта жўнатмалари ва багажни текшириш жараёнида портловчи моддаларнинг излари ва буғларини аниқлаш имконига эга бўлиб, авиахавфсизлик соҳасидаги энг сўнгги технологиялардан ҳисобланади.
«Uzbekistan Airports» раиси ўринбосари Беҳзод Юсуповнинг таъкидлашича, ушбу ҳамкорлик нафақат аэропортларда хавфсизлик даражасини оширади, балки замонавий технологияларни жорий этиш ва мутахассисларнинг малакасини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.
Компания Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик доирасида бу каби қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва илғор тажрибалар алмашинувини давом эттириш режалаштирилаётганини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter