Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистон ва Қозоғистон атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга доир кучларни бирлаштирди

Ўзбекистон ва Қозоғистон атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга доир кучларни бирлаштирди

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да Қозоғистон Республикаси делегацияси қабул қилинди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга бағишланган йиғилишда икки мамлакатнинг тегишли идоралари вакиллари атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, мониторинг тизимини такомиллаштириш, шунингдек, трансчегаравий атмосфера ифлосланишини камайтиришга қаратилган қўшма амалий тадбирларни муҳокама қилдилар.

Мазкур учрашув 2026 йил 11 апрел куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида эришилган келишувларнинг амалий давоми бўлди. Ўшанда давлат раҳбарлари минтақавий экологик ташаббусларни ривожлантириш, жумладан, чегараолди ҳудудларда «Тоза ҳаво» лойиҳасини амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси вакиллари, Иқлим ўзгариши миллий маркази директори Фаррух Саттаров, Гидрометеорология хизмати агентлиги директори Шерзод Ҳабибуллаев, Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Қозоғистон томонидан эса Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазирлиги Экологик тартибга солиш ва назорат қўмитаси раиси Ерболат Кожиков «Казгидромет» давлат корхонаси бош директори Данара Алимбаева, Қозоғистон Республикаси Миллий гидрометеорология хизмати Илмий-тадқиқот маркази директори Турсин Тиллакарим, шунингдек, Туркистон вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакиллари қатнашди.

Учрашув давомида томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўзаро ахборот алмашдилар, давлат бошқаруви тажрибаларини тақдим этдилар ҳамда «Тоза ҳаво» қўшма лойиҳасини келгусида амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Муҳокамаларда атмосфера ҳавоси мониторинги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки мамлакат вакиллари ҳаво сифати бўйича кузатув натижалари, ифлослантирувчи моддалар тарқалишига таъсир этувчи атмосфера циркуляцияси жараёнлари, шунингдек, PM10 ва PM2.5 қаттиқ ҳамда майда дисперс заррачалар миқдори бўйича тадқиқот натижаларини тақдим этдилар. 

Таъкидланганидек, атмосфера ҳавоси давлат чегараларини тан олмайди, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг чегараолди ҳудудлари эса умумий атмосфера жараёнлари таъсирида бўлиб, бу ўзаро мувофиқлаштирилган илмий тадқиқотлар ва қўшма ечимларни талаб этади.

Ўзбекистон томони комплекс илмий тадқиқотлар натижаларини тақдим этиб, йирик шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий қисми антропоген манбалар ҳиссасига тўғри келишини маълум қилди. Шу билан бирга, ифлослантирувчи моддалар тарқалишида атмосфера циркуляцияси ва ҳаво массаларининг кўчиши ҳам муҳим омил экани қайд этилди. Шунингдек, ҳаво сифати мониторингининг автоматик стансиялари маълумотлари асосида тайёрланган PM2.5 ва PM10 заррачалари концентрациясининг ҳудудий тақсимоти бўйича илмий материаллар ҳам тақдим этилди.

Йиғилиш давомида томонлар ҳар икки мамлакат илмий доиралари вакилларини жалб этган ҳолда қўшма ишчи гуруҳ тузиш масаласини муҳокама қилдилар. Учрашув якунида трансчегаравий атмосфера ифлосланишини минималлаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун мазкур ишчи гуруҳни шакллантириш бўйича келишувга эришилди. Илмий асосланган ёндашув тадқиқотларнинг холис натижаларини олиш ҳамда чегараолди ҳудудларда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича самарали ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ташриф доирасида Қозоғистон делегацияси Ўзбекистонда умуммиллий «Тоза ҳаво» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар билан ҳам танишди. Қозоғистон вакиллари Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарни демонтаж қилиш ва уларни кейинчалик Сурхондарё вилоятига кўчириш ишлари олиб борилаётган обектларга ташриф буюрди.
Шунингдек, делегация Тошкент ИЭСга ташриф буюриб, атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришга қаратилган замонавий газларни тозалаш ва чиқиндиларни филтрлаш тизимлари фаолияти билан танишди. Бундан ташқари, меҳмонларга автотранспорт воситаларига экологик стикерлар бериш механизми транспортнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш воситаларидан бири сифатида тақдим этилди.

Учрашув якунида томонлар атмосфера ҳавосининг трансчегаравий ифлосланишини минималлаштиришга қаратилган қўшма амалий тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг