Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзгидромет RES-2026 саммити доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлади

Ўзгидромет RES-2026 саммити доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлади

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги вакиллари директор Шерзод Ҳабибуллаев раҳбарлигида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё иқлим ўзгариши конференцияси ҳамда Минтақавий экологик саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувларда иштирок этдилар.

Конференция доирасида Ш. Ҳабибуллаев «Марказий Осиёда эрта огоҳлантириш тизимлари: минтақавий ҳамкорликдан барқарор келажак сари» мавзусидаги панель сессияда маъруза қилди. У ўз чиқишида Ўзбекистонда гидрометеорологик кузатув тизимини ривожлантириш, мониторинг тармоғини модернизация қилиш, автоматик станцияларни кенг жорий этиш, шунингдек, сунъий йўлдош маълумотларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириш ва прогнозлар аниқлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Саммит доирасида Ўзгидромет делегацияси бир қатор муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Жаҳон метеорология ташкилоти раҳбарияти билан гидрометеорологик тармоқни модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва сунъий интеллект асосидаги ечимларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ҳиндистон, Хитой, Россия ва Туркия гидрометеорология хизматлари билан маълумот алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва мутахассислар малакасини ошириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, KPMG ва GIZ каби халқаро ташкилотлар ва ривожланиш институтлари вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, соҳани рақамлаштириш, институционал ривожланиш ва техник кўмак дастурларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзгидромет делегацияси, шунингдек, Марказий Осиёда кутилмаганда юзага келадиган тошқинлар ҳақида эрта огоҳлантириш тизими (CAFFGS) бошқарув қўмитаси йиғилишида иштирок этиб, тизимни янада ривожлантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тажриба алмашиш масалаларини кўриб чиқди.

RES-2026 саммитида иштирок этиш Ўзгидромет агентлиги учун халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибани ўрганиш ва замонавий технологияларни жорий этишда муҳим қадам бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг