Ўзбекистонда ҳам ҳокимлар халқ томонидан сайланиши мумкин
Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимларини сайлаш тизимини жорий этиш масаласи кун тартибига чиқди.
Бу ҳақда Президент фармони лойиҳаси билан тасдиқланиши режалаштирилаётган «Давлат бошқарувини 2030 йилгача номарказлаштириш стратегияси»да сўз боради.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, келгуси йилларда давлат бошқарувидаги ваколатларни марказдан ҳудудларга ўтказиш, маҳаллий раҳбарларнинг масъулияти ва мустақиллигини оширишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилади. Шу доирада туман ва шаҳар ҳокимларини сайлаш механизмини тўлиқ ишлаб чиқиш вазифаси ҳам белгиланган.
Ҳозирда Ўзбекистонда туман ва шаҳар ҳокимлари юқори турувчи ҳокимлар тавсияси асосида Президент томонидан тайинланади. Янги стратегия эса маҳаллий бошқарув тизимида аҳоли иштирокини кучайтириш ва ҳудуд раҳбарларининг халқ олдидаги ҳисобдорлигини оширишга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, республика даражасидаги 250 та функция ва ваколатни ҳудудларга ўтказиш, маҳаллий бюджетлар мустақиллигини кенгайтириш ҳамда давлат бошқарувида жамоатчилик иштирокини ошириш вазифалари ҳам назарда тутилган.
Ҳужжат ҳозирча жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган бўлиб, таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштирилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter