Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзбекистонда уй-жой қурилиши икки баробар оширилади

Ўзбекистонда уй-жой қурилиши икки баробар оширилади

Фото: Xabar.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида ҳудудларни ривожлантириш ва шаҳарсозлик соҳасидаги янги режаларни маълум қилди. Давлат раҳбари мазкур йўналишда инвестициявий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолиси сони қарийб 40 миллион нафарга яқинлашган. Демографик ўсиш ва иқтисодий фаолликнинг ортиши уй-жой қурилиши, муҳандислик инфратузилмаси ҳамда шаҳарларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли дастурларни амалга оширишни талаб этмоқда.

Президентнинг маълум қилишича, 2040 йилга қадар қуриладиган уй-жойлар сонини икки баробарга ошириш режалаштирилган. Бу орқали мамлакатда урбанизация даражасини ҳозирги 51 фоиздан 65 фоизгача етказиш мақсад қилинган.

Пойтахтга туташ ҳудудда 2 миллион аҳолига мўлжалланган замонавий «Янги Тошкент» мегаполиси барпо этилмоқда. Лойиҳа мамлакатнинг энг йирик шаҳарсозлик дастурларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Шу билан бирга, Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳарларини миллион аҳоли яшайдиган йирик мегаполисларга айлантириш бўйича лойиҳалар ҳам бошлаб юборилган.

Давлат раҳбари қурилиш соҳаси инвесторлар учун катта имкониятлар яратаётганини ҳам таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги уй-жой қурилиши лойиҳалари ҳар йили камида 10 миллиард долларлик кафолатланган бозорни шакллантиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон инфратузилма объектларини барпо этиш учун умумий қиймати 27 миллиард доллар бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга тайёр экани маълум қилинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг